Қувонч ва меҳр улашилди

admin | 27-12-2019 | 1796

Қувонч ва меҳр улашилди 

 

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов  бундан бир ой олдин вилоятнинг Гурлан тумани “Чинобод” қишлоғи аҳолиси билан сайёр қабул ўтказганида, шу қишлоқда жойлашган 37–сонли умумтаълим мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Худайберган ака Дўсимов ўзи ишлаб келаётган мактабда иккита боқувчисини тўла йўқотган оила фарзандлари таълим олаётганликларини, уларни ўз қарамоғига олган яқинлари ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож эканликларини маълум қилиб, ушбу оилаларга имкониятдан келиб чиққан ҳолда моддий-маънавий кўмак беришликни сўраган эди. Ушбу мурожаат шу ернинг ўзида атрофлича ўрганиб чиқилиб, ҳар икки оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам тариқасида берилган эди.

Шу билан биргаликда вилоят ИИБ бошлиғи, ушбу икки оила фарзандларини Янги йил байрами арафасида ҳам йўқлаб келишга, уларнинг кўксини ўкситмасликка ҳаракат қилишини айтиб ўтган эди.

2019 йилнинг 27 декабрь куни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов, ўзининг маслаҳатчиси истеъфодаги полковник Р.Р.Раҳимов ва вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши аъзоси истеъфодаги полковник Қ.А.Алламовлар ҳамрохлигида Гурлан туманидаги 37-сонли умумтаълим мактабига яна ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган ягона мақсад шу мактабда таҳсил олаётган боқувчисини йўқотган оила фарзандларига Янги йил совғаларини топширишдан иборат эди.

Янги йил совғаларини олган болажонларнинг қалби меҳрга тўлганлигининг ўзи шу тадбирда иштирок этган барчани кўнглини бирдек тўлқинлантириб юборди.

Ўқувчиларига нафақат устозлик ўгитини, шу билан биргаликда қалб  қўрини бериб келаётган жисмоний тарбия ўқитувчиси Худайберган ака Дўсимовнинг ҳам юксак педагогик ҳислатлари улуғланиб, унга ҳам вилоят ИИБ томонидан байрам совғалари топширилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй