Раддия:

admin | 19-01-2020 | 1517

Раддия: Ижтимоий тармоқларда “Радарни арчалар орасига беркитиб қўйиб ишлаш мумкинми? Асло йўқ, ҳурматли Хоразм вилояти гаилари тўғри ишланглар” номли сарлавҳа остида тарқатилган видеолавҳа юзасидан.

 

2020 йил 18 январь куни ижтимоий тармоқларда  “Радарни арчалар орасига беркитиб қўйиб ишлаш мумкинми? Асло йўқ, ҳурматли Хоразм вилояти Гаилари тўғри ишланглар” номли сарлавҳа остида давомийлиги 11 сония бўлган видеолавҳа тарқатилган.

Мазкур видеолавҳани уяли телефони орқали видео тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс ўзи ва тезлик ўлчаш (радар) мосламаси қаерга ўрнатилганлиги тўғрисида маълумот бермаган бўлсада, Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш натижасида, тезлик ўлчаш мосламасининг қаерга ўрнатилганлигига аниқлик киритилди.

Ушбу видеода акс этган тезлик ўлчаш (радар) мосламаси  Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати отряди 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори томонидан 4Р 156 автомобиль йўлининг 8 километрида қўйилган бўлиб, йўлнинг ушбу қисми Хонқа туманининг аҳоли яшаш ҳудуди ҳисобланади ва бу ерда транспорт воситаларининг тезлиги чекланган ҳамда йўлнинг ҳар икки томонида “Радар” йўл белгиси ўрнатилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг  78-бандида. “Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади” деб кўрсатилган бўлиб, ҳайдовчилар бу жойларда тезлик ўлчаш мосламалари ўрнатилмаган (ёки яширин тарзда ўрнатилган) бўлса, тезликни меъёридан оширишлари мумкин деб кўрсатилмаган. Қолаверса тезликни ўлчаш (фотовидеорадар) техник мосламаларини йўлнинг қатнов қисмига қўйиш ҳам ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари ҳам мазкур фотовидеорадар мосламасининг техник шикастланишига олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, фотовидеорадар мосламаларининг техник соз ҳолда сақланиши учун уни вақтинчалик хизматда фойдаланиш учун қабул қилиб олган инспектор шахсан жавобгар ҳисобланади. (айни кунда битта фотовидеорадар мосламасининг нархи 300 миллион сўм атрофида).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрь кунидаги 975-сонли Қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг  6-боб 36-бандида “ЙПХ ходими дислокацияга асосан бириктирилган ҳудудга етиб бориб, хизматини бошлашидан олдин тезлик ўлчаш мосламасини фойдаланиш учун тайёрлайди, мослама хотирасига унинг ўрнатилган жойи, ҳаракат йўналиши юқори тезлик чекланган кўрсаткичга қўшимча беш километр фарқи билан маълумотни киритиб, хизматга киришади” деб кўрсатилган, бошқа талаблар (йўлнинг айнан қайси қисмига ўрнатилиши) қўйилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур ҳолатда ЙПХ инспектори томонидан тезликни ўлчаш (радар) мосламасини ўрнатиш жараёнида амалдаги меъёрий ҳужжатларга зид хатти-ҳаракатлар содир этилмаган деб ҳисобланиб, видеолавҳа муаллифининг эътирози рад этилади.

Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй