Гиёҳфурушлик фош этилди

admin | 27-01-2020 | 880

Гиёҳфурушлик фош этилди 

Миллат генафондини сақлашни ва жамиятни тараққий этишини истаган ҳар қандай давлат гиёҳвандликка қарши аёвсиз кураш олиб бориши шарт.

Ана шу боисдан мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги ишлар бир зум ҳам сусайтирилмайди ва тўхтатилмайди. Ҳар йили икки босқичда “Қорадори” тезкор-профилактик тадбири ўтказилиб, қанчадан-қанча инсонларнинг умрига зомин бўлиши мумкин бўлган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишини олди олинмоқда.

Айни кунларда “Қорадори” тезкор-профилактик тадбири расман тугаган бўлсада, гиёҳвандлик ва гиёҳфурушликка қарши кураш узлуксиз давом этмоқда.

Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан олиб борилган тезкор профилактик чора-тадбирлар натижасида вилоятда гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний айланиши билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фош этилди.

Хусусан, 2020 йил 22 январь куни Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш ва Жиноят қидирув бошқармалари тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, дастлаб, иккита гугурт қутисига жойлашган 6,6 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 700 000 сўмга сотишга уринган, Урганч шаҳрида яшовчи, Н.У. қўлга олинди. 

Шундан кейин тезкор тадбир давом эттирилиши натижасида, шу куни жиноий гуруҳнинг яна учта аъзоси, Урганч шаҳрида яшовчи, П.Ш., янгибозорлик А.И. ва Ш.Д.лар жиноят устида ушландилар.


Ушбу жиноий гуруҳ аъзоларидан, келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб сақлаб қўйган, умумий вазни 574,77 грамм бўлган  “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан тўрт нафар гумондор эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинган бўлиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй