Расмий муносабат:

admin | 30-01-2020 | 1506

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқалган “ЙПХ ходими дислокация харитасини кўрсатишдан бош тортди” номли видеолавҳа юзасидан

 

2020 йил 29 январь куни  ижтимоий тармоқларда “ЙПХ ходими дислокация харитасини кўрсатишдан бош тортди” номли видеолавҳа тарқалган бўлиб, мазкур видеолавҳада Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимининг хизмат фаолияти билан боғлиқ жараён акс этганлиги боис, Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Видеолавҳада қайд этилган ҳолат 2020 йилнинг 19 январь куни соат 15:30 ларда Ҳазорасп тумани Хива кўчасида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспекторининг (ЙПХ ходимининг шахсига оид маълумотларни очиқ эълон қилиш лозим топилмади) хизмат фаолиятига оиддир.

Шу куни ЙПХ ходими дислокацияда кўрсатилган жойда хизмат олиб борган бўлиб, у хавфсизлик камарини тақмасдан транспорт воситасини бошқариб келаётган “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси, Ҳазорасп туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган Р.Р.ни белгиланган тартибда тўхтатиб, унга қоидабузарлигини тушунтириб, ҳужжатларини тақдим этишини сўрайди. Ҳайдовчи ўзининг қоидабузарлигини тўлиқ тан олган ҳолда тегишли ҳужжатларини ЙПХ ходимига тақдим этган бўлишига қарамасдан, шу  автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, Ҳазорасп туманида яшовчи, 1997 йилда туғилган, Қ.В. ҳайдовчи ва ЙПХ ходими ўртасидаги муносабатга асоссиз аралашиб, ЙПХ ходимининг хатти-ҳаракатларини ўзининг уяли телефони орқали видеотасвирга олиб, ЙПХ инспекторидан дислокациясини кўрсатишни талаб қилган.

ЙПХ ходими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 975-сонли Қарорини “Йўл-патруль хизмати ходимининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари” деб номланувчи 3-боби 14-бандида кўрсатилган тартибда (“йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиш) мулоқотга киришган. Шу билан биргаликда мазкур бобнинг 17-бандида “ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганда ёки у томонидан содир этилган қоидалар бузилишини расмийлаштириш жараёнида ҳолатга дахлдор бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатга эга бўлмаган шахсларга қоидалар бузилишини расмийлаштириш юзасидан тушунтириш беришга мажбур эмас” деб кўрсатилган. Шунингдек Низомнинг “Йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-патруль хизмати ходимлари билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари” деб номланган 4-боби 18-бандида йўл ҳаракати қатнашчилари ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги дислокация кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиш ёки махсус тадбирлар ўтказилаётганлиги ҳақида марказий ахборот диспетчерлик хизмати — ахборот диспетчерлик хизматидан маълумот олиш, ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилганидан сўнг ЙПХ ходимининг дислокацияси сақланаётган саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғидан дислокация ҳақида ёзма маълумот беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга деб кўрсатилган, яъни бу ерда ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган йўл ҳаракати қатнашчиси назарда тутилганлиги сабабли, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари бу ҳуқуқлардан фойдалана олмайди. Шу боис, ЙПХ ходими мазкур ҳолатда “Дамас” йўловчиси бўлган фуқаро Қ.В.нинг “дислокация кўрсатиш” тўғрисидаги талабини асосли равишда рад қилган. Ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жараён иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига тўлиқ баҳо бериш мақсадида олиб борилган суриштирув пайтида, видеолавҳани уяли телефони орқали тасвирга олган фуқаро Қ.В. ўзи томонидан олинган видеолавҳани ижтимоий тармоқларга жойлаштириш орқали ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатига жамоатчилик эътиборини тортиш нияти бўлмаганлигини у   видеолавҳани телеграмм мессенжерининг фақатгина синфдошларидан иборат саҳифасига жойлаштирганлиги, ушбу видеолавҳа айнан ким томонидан кенг аудиторияли ижтимоий тармоқларга тарқатилганлигидан бехабарлигини, ўзининг хатти-ҳаракатларидан пушаймонлигини билдириб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтказилган суриштирув жараёнида мазкур ҳолатда ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатларида хизмат интизоми ва қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқланмади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй