Ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик

admin | 05-02-2020 | 750

Ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик  

Ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш бўйича Хоразм вилояти 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Ж.Ж.Хатамов ва 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовлар 2020 йил 5 февраль куни Хонқа тумани ёшларини  қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам бериш мақсадида туманда истиқомат қилувчи бир гуруҳ ёшлар билан учрашдилар.

Хоразм вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиғи дастлаб Хонқа тумани Ҳокими О.Жуманазаров ҳамроҳлигида туманда ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 ташаббус доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ташкил этилган кўргазма билан танишди. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш ва жадаллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Самимийлик ва ўзаро ишонч асосида олиб борилган учрашувда вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиғи йиғилиш иштирокчилари бўлган ёшларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва улар натижасида эришилаётган ютуқлар билан биргаликда вилоятда, ҳусусан Хонқа туманида ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларда йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисида батафсил маълумот бердилар.

Шундан кейин вилоят ИИБ ТЭҚКБ бошлиғи подполковник Ж.Юсупов ёшларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш, уларни турли норасмий диний оқимлар таъсиридан сақлаш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш берди.

Ёшлар ўзларининг қизиқтирган саволларига масъул ходимлардан батафсил жавоб олдилар.

Йиғилишда ижодкор ёшлар томонидан айтилган шеърлар иштирокчилар томонидан олқишланди.

Учрашув якунида Хонқа тумани ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда унга қарши кураш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ ёшларга вилоят ИИБнинг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғалари, ҳамда туманидаги мусиқа мактабининг иқтидорли ўқувчиларига мусиқа асбоблари совға қилинди.

Ёшлар қўллаб қувватлаш борасида прокуратура ва ички ишлар органларининг ҳамкорликдаги чора-тадбирлари ёшларни келгусидаги фаолиятларида мустахкам таянч бўлиши шубҳасиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй