Коррупция – тараққиёт кушандаси

admin | 26-02-2020 | 2288

Коррупция – тараққиёт кушандаси 

 

Жамиятда коррупцияни олдини олиш, унга қарши курашиш борасида Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор ва профилактик чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари вилоятдаги барча меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида семинар-тренинглар ўтказиб, профилактик ишларни амалга оширмоқдалар.

Олиб борилаётган профилактик ишлардан ўзига тегишли ҳулоса чиқармаган, ўзини “устаси фаранг” деб ҳисобловчи айрим мансабдор шахсларнинг қилмишлари эса ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида фош этилмоқда.

Хусусан, Урганч туманида жойлашган давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Ж.М. 2020 йилнинг 28 январь куни ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотга ишга қабул қилиш эвазига фуқаро А.Г.дан талаб қилган 100 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган пайтида, жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий маркази Хоразм филиалида мудир лавозимида ишловчи О.А. мазкур шифохонада даволанаётган беморни жаррохлик йўли билан даволаши эвазига унинг қариндошларидан 2019 йилнинг декабрь ойида олган 700 000 сўм пулни 2020 йилнинг 21 февраль куни қайтариб бераётганида тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Бундан ташқари, асосий вазифаси фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўлган, Шовот тумани бандликга кўмаклашиш маркази директори вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган А.Б. марказда ташкил этилиши кўзда тутилган янги иш ўринларига номзодлардан хужжатларни қабул қилишда, ўзининг моддий манфаатини кўзлаб, таъмагирликка қўл урган. 2020 йил 20 февраль куни Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро К.Ж.дан уни ишга жойлаштириш учун талаб қилган 300 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган марказ директори ашёвий далиллар билан қўл тушди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчиларга нисбатан “гаров” ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.  

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй