Ёшлар-келажак бунёдкори

admin | 16-03-2020 | 448

                                                             ИШОНЧНИ ОҚЛАЁТГАН ЙИГИТ

 

Киши танлаган касбини севса, унга меҳр қўйса, ҳаёти мазмунан бойийди. Ҳар бир куни самарали, ижобий ютуқларга бой бўлади. Лавҳамиз қахрамони Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Жалолбек Бобожонов ҳам анашундай меҳнатсевар, шижоатли ёшларимиздан биридир.

 

   У мана уч ярим йилдирки, шу соҳада самарали хизмат қилаяпти. Иқтидорли, изланувчан, ташаббускор йигит. Хизмат вазифасига масъулият билан ёндошаётган Жалолбек биргина ўтган 2019 йил давомида 43 та жиноят ишини ўз муддатида, сифатли якунлаб, шундан 15 тасини ярашув тартибида судга юборган. Ўзгалар мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича умумий моддий зарарнинг 85 фоизини тергов жараёнида тўла қопланишига эришган. Хизмат фаолияти давомида кўрилган жиноят ишларининг суд органлари томонидан қўшимча терговга қайтариш ҳолати кузатилмаган. Шунингдек, самарали хизмат фаолияти учун 6 нафар фуқаро томонидан халқ қабулхоналарига миннатдорлик билдирилган. Ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган бу йигит жорий йилнинг 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг “Фахрий ёрлиғи” билан мукофотланган. Шунингдек, у туман ИИБ Ёшлар етакчиси вазифасида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

    Урганч туманидаги “Юқорибоғ” қишлоғининг “Кўҳна оул” маҳалласида туғилган Жалолбек ота-онасининг китоб ўқишга бўлган иштиёқини кўриб, мактабга бормасидан ўқиш ва ёзишни ўрганган. Урганч шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг 9-синфини тугатгач, отаси Эргаш ака уни Урганч шаҳридаги Ҳарбий лицейга ўқишга олиб борди. У бу илм даргоҳида ўз билимини янада бойитишга интилди. Ҳарбий тартиб-интизомга қатьий риоя қилди. Лицейни тугатгач, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясига ўқишга кирди. Бу ердаги таълим бериш жараёни, яратилган шарт-шароитлар унинг билим олишга бўлган иштиёқини янада оширди. Шу боис, тинмай ўқиди, ўқитувчиларнинг сабоқларини уқиб олишга, ишончларини оқлашга астойдил ҳаракат қилди. Академияни тугатгач, вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига терговчи лавозимига хизматга қабул қилишди. У бу ерда устозларининг бой ҳаётий тажрибаларини қунт билан ўрганди. Маслаҳатларига, насиҳатларига амал қилди. Орадан бир йил ўтгач, яъни 2017 йил Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси вазифасига тайинлашди. Айни кунда у ушбу лавозимда хизмат фаолиятини давом эттирмоқда.

    -Ёш бўлсам-да, хизмат фаолиятим бўйича жуда кўп аянчли воқеаларнинг, даҳшатли фожеаларнинг гувоҳи бўлганман,-дейди катта лейтенант Жалолбек Бобожонов.-Баъзан жиноят содир қилиб, суд томонидан турли муддатларга қамалган ёшгина йигит-қизларнинг аянчли тақдирини кўриб ташвишланаман. Уларнинг дунёга келиб бирор бир хайрли иш қилмаётганига, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётганига, одамлардек ҳузур ҳаловат кўриб яшамаётганига ачинаман.

   Биз оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлигида бундай ёшлар билан жиддий шуғулланмоғимиз, оилавий шароитини, турмуш тарзини, муаммоларини ўрганмоғимиз лозим. Уларнинг дунёқарашини ижобий томонга ўзгартирмоғимиз, илм олишга, касб-ҳунар эгаллашига, меҳнат қилишга бўлган иштиёқини кучайтирмоғимиз керак. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатиш зарур. Бундай саъй-ҳаракатлар албатта ўзининг ижобий самарасини беради.

   Президентимиз ҳар бир маърузасида ёшларни фақат ва фақат олға интилишга, янги марра ва чўққиларни ўз билим ва иқтидори билан забт этишга чорлайди. Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда янада хушёр туриб хизмат қилишга, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашишга ундайди. Катта лейтенант Жалолбек Бобожонов ҳам юртимиз тинчлигини таъминлашда ташаббускор бўлишга, ўз касбий маҳоратини, ғайрат-шижоатини ушбу ислоҳотлар жараёнида намоён этишга ҳаракат қилмоқда.  

   Касбига меҳр қўйган киши ҳар бир дақиқанинг қадрига етиб, унумли меҳнат қилишга, самарали натижаларни қўлга киритишга интилади. Қахрамонимизнинг хизмат фаолиятида ҳам ёшларга хос бўлган анашундай шижоатни, фидойиликни кўришимиз мумкин.

                                                                                                                                      

                                                                          Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                  Postda мухбири.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй