Расмий муносабат

admin | 08-04-2020 | 1417

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “ИИБ маош ва компенсация тўлаб берсин” номи остида тарқалган хабар юзасидан
2020 йил 7 апрель куни ижтимоий тармоқларда “ИИБ маош ва компенсация тўлаб берсин” номли хабар тарқатилган бўлиб, ушбу хабарда келтириб ўтилган ҳолат Хоразм вилояти ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари номидан ёзилган ушбу хабардаги ҳолатлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Бугунги кунда жамиятимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда республикада амалда мавжуд бўлган ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозимларининг бир қисми қисқартирилиб, қўшимча равишда профилактика инспектори лавозимлари киритилди.
Жумладан, Янгиариқ тумани ИИБ профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича 39 нафар ёрдамчиларининг штат бирликлари Хоразм вилояти бўйича қисқартирилган 474 та ана шундай лавозим таркибида қисқартирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қисқартирилган лавозимларда фаолият кўрсатиб келган ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан (технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги) тўлиқ икки ойлик пуллик компенсация, 109-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси, шунингдек 151-моддасига асосан 2020 йил ҳисобидан фойдаланилмаган меҳнат таътили учун пуллик компенсация тўланиши юзасидан тегишли тартибда қарор қабул қилинган. Айни кунда ушбу пул маблағларини тарқатиш рўйхати (ведомость) шакллантирилмоқда ва пул маблағларини 10 апрель кунига қадар тўлиқ тарқатиш режалаштирилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй