Расмий муносабат:

admin | 17-04-2020 | 767

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқалган бир гуруҳ эркаклар томонидан бир нафар аёлни турли уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилганликлари акс этган видеолавҳа юзасидан

 

2020 йил 15 апрель куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ эркаклар томонидан бир нафар аёлни ҳақорат қилганликлари акс этган видеолавҳа тарқалди. Видеолавҳада акс этган ҳолат Хоразм вилоятида бўлганлиги қайд этилганлиги сабабли, Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида қуйидагилар маълум бўлди: видеолавҳада акс этган жараён ҳақиқатан ҳам Хоразм вилоятининг Урганч туманида содир бўлган. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур ҳолат 2017 йил 6 январь куни содир қилинган бўлиб, видеолавҳада бир гуруҳ эркаклар томонидан ҳақоратланаётган аёлнинг (иштирокчиларнинг шахсига оид маълумотларни тўлиқ ошкор этиш лозим топилмади) Урганч тумани Ички ишлар бўлимига қилган мурожаати асосида, уни ҳақорат қилган шахсларга (жами 4 нафар эркак) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва ушбу видеолавҳани ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахсга нисбатан (видеолавҳа 2017 йилнинг январь ойида “Одноклассники” ижтимоий тармоғига жойлаштирилган) қўшимча равишда 141-1-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Мазкур жиноят иши 2017 йил 20 июль куни жиноят ишлари бўйича Урганч тумани суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, судланувчиларнинг барчасига қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй