МАЖБУРИЯТНИ ҲИС ЭТМАСЛИК

admin | 05-02-2017 | 13556

МАЖБУРИЯТНИ ҲИС ЭТМАСЛИК

                                        очиқ мулоқотда ошкора танқид қилинди                                 

    Жорий йилда фуқароларимизни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг дарду-ташвишларига қулоқ тутиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш, учраётган муаммо ва камчиликларини бартараф этиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

     Қўшкўпир туманидаги мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида туман ИИБ, прокуратура, туман суд ижрочилари бўлими ходимлари ҳамкорлигида фуқароларнинг алимент ундирувлари билан боғлиқ мурожаатларининг ижроси, шунингдек, вояга етмаганларни моддий таъминлашдан бўйин товлашнинг ҳуқуқий оқибатлари бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирга судлар томонидан чиқарилган буйруқ ва ҳал қилув қарорларига асосан фарзандларнинг таъминоти учун белгиланган алимент пулларини тўламасдан келаётган фуқаролар, уларнинг яқинлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар таклиф қилинди. Йиғилишни туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси У. Розимов очиб, вояга етмаганларни моддий таъминлашдан бўйин товлашнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида маъруза қилди. Шундан сўнг туман ИИБ бошлиғи, полковник Ғ. Давлатов, туман катта суд ижрочиси Ў. Ёвбосаров, туман бош имоми М. Матёқубовлар сўзга чиқиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда фарзанд тарбияси ва унинг ҳуқуқий асосларига тўхталиб ўтишди.  

   Тадбирда Қўшкўпир тумани суд ижрочилари бўлими томонидан алимент пулларини ўз вақтида тўламаётган қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 421-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси худудидан вақтинча чиқиш ҳуқуқларини чеклаш тўғрисида қарорлар қабул қилингани, шунингдек, суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган алимент маблағини 3 ойдан ортиқ муддат давомида тўламаётган 11 нафар фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тартибда жавобгарликка тортилгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, қўшкўпирлик Мадаминов Умарбек Матқурбанович 23 ой 06 кун давомида тўланиши лозим бўлган 5 миллион 304 минг 550 сўм алимент пулларини ўз вақтида тўламаганлиги учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 ой муддатга қамоқ жазоси тайинланиб, ундирувчи Ибрагимова Нилуфарга етказилган мазкур зарар қарздордан қамоқ жазосини ўтаб келгандан сўнг тўлиқ ундириб берилгани қайд этиб ўтилди. Шунингдек, қўшкўпирлик фуқаролар Ўткир Рахмонов, Сапарбой Салиров, Камоладдин Рўзметов каби фуқаролар ҳам алимент пулларини ўз вақтида тўламаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилгани таъкидлаб ўтилди.

   -Ходимларимиз фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилишга, улар томонидан билдирилаётган ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор бериб, уни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишяпти,-дейди туман ИИБ бошлиғи, полковник Ғофиржон Давлатов.-Ўтган йил давомида туман ИИБга 321 нафар фуқаро мурожаат этган бўлиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Улар орасида бугунги тадбир мавзусига алоқадор бўлган мурожаатлар ҳам бор эди. Эндиликда фуқаролар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш, уларнинг мурожаатларини “Жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари асосида сифатли кўриб чиқиш ва белгиланган муддатларда ижро этилишини назоратга олиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олиндик.

    Йиғилишда фуқаролар томонидан билдирилган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. 

                                                                    Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                          журналист

                                    

 

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй