Кассавур ҳибсга олинди

admin | 29-12-2018 | 2640

Кассавур ҳибсга олинди

Ташқарига чиқсангиз барчанинг юзида табассум, савдо расталаридаги сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмасдан савдо қилишмоқда, кимдир янги йил дастурхони учун ширинликлар ҳарид қилаётган, яна кимдир сарҳил мевалардан ҳарид  қилмоқда, болажонлар эса ота-оналари, бувию-боболари ҳамроҳлигида сайлгоҳларда безатилган арча атрофида ва турли атракционларда яйраб ҳордиқ чиқаришмоқда. Ҳуллас барчада байрамона кайфият, янги йилни эзгу мақсадлар билан қарши олишга тайёргарлик.

Илгари ўғирлик жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққан, Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган, Қ.Т. эса шаҳар кўчаларида одамларнинг гавжумлигидан фойдаланиб киссавурлик қилиб қолмоқчи бўлди. Унга бу борада Урганч туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган К.Ш. исмли аёл “шериклик”   қиладиган бўлди.

2018 йилнинг 27 декабрь куни “ов”га чиққан “шерик”ларнинг “нишонига” пиёдалар йўлакчасида келаётган аёл тушди, олдиндан келишилган режага асосан, К.Ш. ўзига қарама-қарши йўналишда келаётган аёл билан “тўсатдан” тўқнашиб кетади, бу пайтда ўғирликнинг ҳадисини олган, Қ.Т. эса, аёлнинг чўнтагидаги нархи, 1 200 000 сўм бўлган уяли телефонини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олади.

Барчасидан бехабар аёл узр сўраб, йўлида давом этаркан бирпасдан кейин чўнтагидаги уяли телефони йўқолиб қолганини билиб, шу яқин ўртада хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимларига мурожаат қилади.

Вазиятни тўғри баҳолаган ички ишлар ходимлари, фуқаровий даъвогарнинг мурожаати асосида олиб борилган тезкор суриштирув ишлари ўз самарасини бериб, жиноят “иссиқ изи”дан фош этилди.

Фуқаровий даъвогарга тегишли уяли телефон аппарати “киссавур”нинг чўнтагидан холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

Ўзганинг чўнтагига кўз олайтирган “шерик”ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.

Ўғирликни бевосита амалга оширган Қ.Т. эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди, унинг “ёрдамчиси” эса аёллиги инобатга олиниб, “муносиб ҳулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат” асосида очиқда қолдирилди.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй