МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТИ

admin | 23-02-2019 | 3373

                        МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТИ 

   Шартли равишда ўтказилган ушбу тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимларидан яшириниб юрган 4 нафар қуролланган жиноятчи Урганч шаҳри худудидаги банкка бостириб кириб, уч нафар фуқарони гаровга олишади. Бундан хабар топган ички ишлар органлари ходимлари воқеа тафсилоти юзасидан вилоят ИИБ навбатчилик қисмига хабар беришади. Олинган тезкор маълумотга мувофиқ Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ бошлиғи томонидан махсус тадбир эълон қилинади. Жиноий гуруҳ жойлашиб олган банк биноси вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг вилоят бўлими ҳамда Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўраб олинади ва патруллик гуруҳлари ташкил қилиниб, яқин атрофдаги аҳоли хавфсиз худудга эвакуация қилинади. Шундан сўнг жиноятчиларни ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан қайтариш ҳамда гаровдагиларни қутқариш мақсадида Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан музокара олиб борилади. Аммо жиноятчилар музокара гуруҳининг сўзларини тингламасдан бир соат ичида кўп миқдорда пул ҳамда “Нексия” русумли автомашина олиб келишларини, вилоят худудидан тўсиқларсиз чиқиб кетишига шароит яратиб беришларини талаб қилишади. Агарда талаб бажарилмаса, гаровдагилар отиб ташланишини айтишади. Шундан сўнг зудлик билан жиноятчилар жойлашган объект ва унга кириш йўллари, жиноятчиларни қўлга олиш ва гаровдагиларни қутқариш бўйича режа тузилади. Вилоят ИИБ ТВБСО ҳамда Миллий гвардиянинг вилоят бўлими ходимлари сездирмасдан икки қаватли бинога кириб олиб, жиноятчиларни қўлга олишади ва уларни махсус автомашинада суриштирув ишлари олиб бориш учун тергов-тезкор гуруҳига юборишади. Гаровдан озод этилганларга эса зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилади. Ички ишлар вазирлигининг махсус отряди ходимлари воқеа жойини портловчи моддалардан тозалаш ва зарарсизлантириш бўйича тезкор чора-тадбирларни кўришади. Шундан сўнг, вилоят ИИБ ЁХБ ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари зудлик билан содир этилган ёнғинларни бартараф этишади ва жабрланганларни қутқаришади.

Махсус тактик-ўқув машғулоти якунлангач, гуруҳ раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва қўлга киритилган ютуқ ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг вилоят бўлими, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 

                                                                            Х.ЖАББОРОВ, "Постда" газетаси мухбири

                                                                                    


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй