ТАНЛОВГА МАРҲАМАТ

admin | 27-02-2019 | 3832

ТАНЛОВГА  МАРҲАМАТ 

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Хоразм академик лицейига 2019/2020-ўқув йили учун номзодлардан ота-оналари иштирокида 2019 йил 11 февралдан 10 апрелга қадар белгиланган намунадаги аризалар олинади.

Академик лицейда ўқиш истагини билдирган, умумтаълим муассасаларининг 9-синфида ўқиётган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли ҳисобланган номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

Хоразм вилояти  ИИБ  бошлиғи  номига  белгиланган  шаклдаги  ариза. Аризалар ўқувчининг ота ва онаси иштирокида ИИВнинг Хоразм академик лицейи биносида қабул қилинади.

Ўрнатилган намунадаги таржимаи ҳол ва сўровнома (анкета);

9 х12 хажмдаги 2 дона, 3x4 хажмдаги 6 дона фотосурат (қирқилмаган ҳолда, оқ кўйлак, галстук ва қора костюмда, кўк фонда);

Номзоднинг паспорти нусхаси (ҳамма варақлари қирқилмаган ҳолда);

Номзоднинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси (ксеронусхаси ёзув ва рақамлари кўриниб турган ҳолда);

Мудофаа ишлари бўлимидан маълумотнома;

Ўқиш жойи ва маҳалла фуқаролар йиғинидан тавсифнома;

Ота-онаси ва уларнинг барча фарзандларининг паспортлари (ҳамма бети) ва туғилганлик гувоҳномалари нусхаси, агарда вафот этган бўлса вафот этганлиги хақида гувохнома нусхаси;

Ота-онасининг никоҳ гувоҳномаси нусхаси;

Фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан мактаб директори томонидан тасдиқланган маълумотнома;

Ҳужжатлар учун папка.

Лицейга кириш учун танловлар уч босқичда амалга оширилади.

 

Биринчи босқич - дастлабки танлов бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) ИИВ академик лицейларига ўқишга кириш истагини билдирган номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотларни ўрганиш.

ИИВ академик лицейига ўқишга кириш истагини билдирган номзоддан ариза олинади ва вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси томонидан номзоднинг белгиланган тартибда муомалага лаёқатлилиги ёки муомала лаёқати чекланмаганлиги, муқаддам судланган бўлса, судланганлик ҳолати тугалланганлиги ёки судланганлик ҳолатининг олиб ташланганлиги ва Ички ишлар вазири томонидан белгиланган бошқа талаблар асосида ўрганилади.

2) Ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказиш.

Номзоднинг соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқлилигини аниқлаш ҳарбий тиббий комиссия кўригидан ўтказишда асосий вазифа ҳисобланади.

Номзодлар вилоят ИИБ тиббиёт бўлимида ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширилади.

Соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқсиз деб топилган номзод танловнинг кейинги босқичларига қўйилмайди. 

 

3) Номзоднинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш.

Номзодларнинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Кадрлар бош бошқармаси томонидан тақдим этиладиган методикалар бўйича психологик тест синовлари ўтказилади.

Индивидуал-психологик хусусиятларни ўрганиш натижаларига кўра, тестдан ўта олмаган номзод танловнинг кейинги босқичларига қўйилмайди.

4) Якка тартибдаги дастлабки суҳбат ўтказиш.

Якка тартибдаги дастлабки суҳбатда қуйидагилар аниқланади:

номзоднинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини, давлатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларини тушуниши;

юқори даражадаги ҳушёрлик ҳамда ёт мафкура ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлиги;

бурчни ҳис этиши, қатъиятлиги, ишчанлиги, меҳнатсеварлиги;

номзод тўғрисидаги турли маълумотлар (оилавий аҳволи, ота-онаси ва яқин қариндошларининг ички ишлар органларида хизматга муносабати ва шу кабилар);

ички ишлар органлари ходими касбини танлашининг сабаблари, асослари ва бошқалар.

Якка тартибдаги дастлабки суҳбат натижасида қуйидаги хулосалар берилади:

ИИВ академик лицейига ўқишга кириш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга тавсия этилади;

ИИВ академик лицейига ўқишга кириш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга тавсия этилмайди. 

Дастлабки танлов натижаларига кўра ИИВ академик лицейига киришга тавсия этилмаган номзодлар махсус-профессионал танловга қўйилмайди.

 

Иккинчи босқич - махсус-профессионал танлов бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) Номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини диктант орқали аниқлаш;

2) Умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш бўйича синов (ўғил болалар учун спорт тўсинида тортилиш, 100 метрга ва 2000 метрга югуриш, қиз болалар учун куч ишлатиш машқлари, 100 метрга ва 1000 метрга югуриш);

3) Якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш ҳамда уларни тест синовларига қўйиш масаласини ҳал этиш.

 

Учинчи босқич- тест синовлари.

Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Тест синовлари белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси белгилаган муддатларда ўтказилади.

Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. (1-блок тарих, 2-блок она тили ва адабиёти, 3-блок чет тили)

Тест синовлари натижалари Давлат тест маркази томонидан белгилаган муддатларда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига ҳамда тегишли ИИВ академик лицейи қабул комиссиясига тақдим этилади.

Тест синовларига белгиланган муддатда етиб келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.

 

Номзодларга бериладиган имтиёзлар.

ИИВ академик лицейига Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ, дастлабки ва махсус-профессионал танлов натижаларига жавоб берадиган қуйидаги номзодлар тест синовларисиз имтиёз асосида қабул қилинади:

тегишли ихтисослик фанлари бўйича халқаро олимпиадалар ва фан олимпиадаларининг республика босқичи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказиладиган танловлар ва мусобақаларда ғолиб бўлган, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг белгиланган намунадаги гувоҳномасига эга бўлганлар;

ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари.

Тест синовларисиз қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлган айрим тоифадаги номзодлар қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

а) тегишли ихтисослик фани бўйича халқаро олимпиадалар ва республика фан олимпиадаларининг республика босқичи, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказилган танловлар ва мусобақалар ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг белгиланган намунадаги гувоҳномалари;

б) ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари;

мазкур кичик банднинг биринчи хатбошисида белгиланган болаларни академик лицейига танловдан ташқари қабул қилиш тўғрисида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг илтимосномаси;

ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг вафоти тўғрисида хизмат текшируви (маъмурий текширув) хулосасининг нусхаси;

ўлим ҳақидаги гувоҳнома нусхаси.

Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ёки паспорт, ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳнома, ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари номзодлар томонидан ИИВ академик лицейига келганда қабул комиссиясига шахсан тақдим этилади.

 

 

 

Изоҳ:  Маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 сентябрдаги 767-сонли қарори 2-иловаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2018 йил 6 апрелдаги 2996-рақами билан рўйҳатдан ўтказилган 50-сонли буйруғи асосида тайёрланган.

 

Маълумот учун телефонлар: 224-77-48,    224-77-49


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй