Хавфсиз туризм: Соҳа тараққиёти йўлида

admin | 15-04-2019 | 2417

Хавфсиз туризм: Соҳа тараққиёти йўлида 

Айни кунларда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини юксалтириш, уни мамлакат иқтисодиётининг локомотиви сифатида тараққий эттириш, туристлар оқимини кўпайтириш, уларга қулай шароитлар яратиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, туризм соҳаси ҳар қандай мамлакатнинг миллий иқтисодиётига салмоқли улуш қўшиш имконияти халқаро эътироф этилган ҳақиқатдир.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш борасида кўплаб қонун ва қонун ости хужжатлари қабул қилиниб, республикамизнинг туристик салоҳиятини ошириш ва ташриф буюраётган чет эл туристлари оқимини кўпайтиришда қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилди.

Ҳусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4095-сон қарори билан туристик инфратузилмани кескин ривожлантириш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор имтиёзлар яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5611 сонли Фармони дунёнинг 45 та давлат фуқароларини Ўзбекистон Республикасига 30 кунлик муддатга визасиз киришига ҳамда 75 та давлат фукароларини электрон кириш визасини олишларига замин яратди.

Республикамизда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида ташриф буюраётган туристлар сони сезиларли даражада ошганлигини кузатиш мумкин.

Ҳусусан, 2016 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган чет эл туристлари сони 2,02 млн. кишини ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2,69 млн етди. 2018  йил якунлари бўйича мамлакатимизга ташриф буюрган туристлар сони 5,3 млн кишини ташкил этиб,
2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ўсди.

Шу билан бирга вилоятимизга ташриф буюрган туристлар сони
2016 йилда 46 600 нафарни ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 60 600 нафарни ва 2018 йилда 123 210 нафарни ташкил этган.

Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида эса вилоятимизга жами
5819 нафар чет эл туристлари ташриф буюрган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига (3286)га нисбатан 2533 нафарга ошганлигини ва ўсиш тенденцияси давом этаётганлигини кузатиш мумкин.

Республикамизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг ислоҳотлар билан узвий равишда хавфсиз туризмни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани такомиллаштириш мақсадида қатор қонун ва қонун ости хужжатлари қабул қилинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги ‘‘Бухоро, Самарканд, Хива ва Шахрисабз шахарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида’' 939-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган туристлар энг кўп ташриф буюрадиган Бухоро, Самарканд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил қилиниб, ўз фаолиятини бошлаган эди.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳатлар натижасида туристик инфратузилманинг кенгайиши ҳамда ташриф буюраётган туристларнинг оқими ошганлиги сабабли уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4229 сонли “Транспорт ва туризм обьектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан туристлар кўп ташриф буюриши кузатилаётган Тошкент шаҳри, Тошкент, Сурхондарё вилоятларида ҳам Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил этилди.

Шу билан бирга мазкур қарор асосида Хавфсиз туризмни таъминлаш йўналишида янгиликлар жорий этилмоқда.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад республикамиз иқтисодиётини ҳамда аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашда ушбу соҳани ўрнини оширишдан иборатдир.

 

майор М.Худайберганов , вилоят ИИБ

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй