Инсонпарварликнинг юксак намунаси

admin | 07-06-2019 | 3547

Инсонпарварликнинг юксак намунаси 

 

Ҳаёт йўллари турфалиги, унда гоҳ қувонч, гоҳ ғам алмашиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Айни вақтда ҳеч бир инсон мен доим ҳаёт йўлларининг текис ва ёруғ йўлида юраман, деб айта олмайди. Чунки бу йўлларнинг оқ ва қора чизиқларини ҳамма бирдек босиб ўтиши азалий қонуният.

 

Аммо бир ҳақиқат борки, сабрли, имон-эътиқодли, ақлга таяниб иш кўрадиган одамлар ҳаётнинг қора чизиғини ўз матонати ила ёруғ юз билан босиб ўта олади. Бироқ, шундай одамлар ҳам борки, иродасизлик қилиб эгри йўлларга кириб кетади.

 

Лекин ҳамма ҳам одам. Кимнидир қилган ёмон иши учун бир умрга чоҳга итариб бўлмайди. Уни кечириш, тўғри йўл топишига имкон бериш, зарур бўлса, қўллаб-қувватлаш асл инсоний қадриятлардан ҳисобланади.

 

Айниқса, жиноят қилиб жазосини олган шахсларга имкон бериш давлат сиёсатида мавжуд бўлса, унинг чинакам бағрикенглиги ва инсонпарварлигини кўрсатади. Ўзбекистон бу жиҳатдан бошқа давлатларга нисбатан анча илғор. Чунки халқимиз ҳаётидаги муҳим саналар муносабати билан Президент томонидан афв эълон қилиниши анъанавийлик касб этган.

 

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 июнь куни “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан 6 нафар Хоразм вилоятида яшовчи шахслар ҳам жазодан озод қилиндилар.

 

2019 йил 6 июнь куни Хоразм вилояти Ҳокими Ф.Эрманов ва вилоят ИИБ бошлиғи полковник Ш.Раҳмановлар “Жаҳолатга қарши маърифат“ ғояси асосида жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган юқоридаги 6 нафар шахсларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш борасида улар билан учрашдилар.

Самимийлик ва ўзаро ишонч асосида бўлиб ўтган суҳбат жараёнида озодликка чиққан шахсларнинг ҳар бирининг оилавий шароити пухта ўрганилиб, уларга қисқа муддатда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб олишлари учун аниқ шарт-шароитлар яратиб берилди. Уларнинг барчаси ишга жойлаштирилди.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй