ЖОНИВОР ЭГАСИНИ ТОПДИ

admin | 15-06-2019 | 3395

ЖОНИВОР  ЭГАСИНИ  ТОПДИ

 

Болтабой бозорга олиб борган сигирини 5 000 000 сўмга сотди-да, рўзғорга у-бу нарса харид қилиб уйига келди. Сигирнинг яхшигина баҳога кетганидан Болтабойнинг хотини ҳам роса хурсанд бўлди.

Хуллас, миллионларга эга бўлган Болтабой пулни сандиққа жойлаб, хотини ва кичкинтойини олиб, укасиникига тўйга жўнади. Тўйдан қайтгач, сандиқни очиб қараса,  пул жойида йўқ эди.

Эр-хотин ўйлай-ўйлай бир қарорга келишолмагач, профилактика инспекторига хабар қилишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай  тезкор гуруҳ ходимлари  етиб келишди.  Шу пайтгача бировга ёмонлик қилмаган Болтабой ҳамда унинг беозоргина хотини ҳеч кимдан гумонланмаслигини айтишди.

Деразадан тушиб, пулни олиб кетган ўғри ниҳоятда пухта режа асосида иш кўрган эди. Ўғирлик содир этилган хонадонда на бармоқ излари қолган, на бир далилий ашё. Хўш, ўғри ким? Бу савол тезкор гуруҳ ходимларини жиддий ўйлантирарди. Гуруҳ бошлиғи вақт алламаҳал бўлса-да, ходимларга топшириқ бера бошлади. Шу пайт тўсатдан эшакнинг  ҳанграган овози эшитилди.  Болтабой бир сапчиб тушди-да, ташқарига отилди. Унинг безовталанганидан ҳайрон бўлган профилактика инспектори ҳам Болтабойга эргашди. Қарашса, уй олдидаги симёғочда эшак боғланиб турарди. Ҳеч нимага тушунмаган профилактика инспектори Болтабойдан сўради:

-Нима гап ўзи? Нега бунчалик безовталанаяпсиз?

-Кўчамизда яшовчиларнинг биронтасида ҳам эшак йўқ эди,- ҳайрон бўлди  Болтабой.- Ярим кечаси бу эшакнинг қаердан келиб қолганига тушунмай турибман.

Бу гапни эшитган тезкор гуруҳ бошлиғи бироз ўйланиб турди-да, эшакни ечиб юборишни буюрди. Жонивор кўча бўйлаб катта йўлга чиқди-да, тўғри қўшни қишлоқда яшовчи Эшмат олғирнинг уйига бориб, ҳанграб юборди. Эшагининг овозини эшитган Эшмат суюнганидан ташқарига югурди. Ҳовлида эса уни ички ишлар ходимлари кутиб туришарди.

Чорасиз қолган Эшмат олғир Болтабойнинг сигирини сотиб олганлигини, кечқурун эса уларнинг уйида йўқлигидан фойдаланиб, сандиқдаги пулни ўғирлаганини тан олди. У хонадонни тарк этаётганида уй эгалари келиб қолишади. Эшмат олғир эса қўлга тушиб қолмаслик учун эшагини  ҳам ташлаб кетишга мажбур бўлган экан.

                                                                                                  

                                                                             Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                 “Постда”  газетаси мухбири


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй