Халқ манфаатлари йўлида

admin | 06-07-2019 | 2723

Халқ манфаатлари йўлида 

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Хоразм вилояти сектор раҳбарлари томонидан шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Хоразм вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан навбатдаги сайёр қабул Боғот тумани  аҳолиси учун 2019 йилнинг 6 июль куни туманнинг “Ҳуррият” маҳалласидаги мусиқа мактаби биносида бўлиб ўтди.

Сайёр қабулда юз нафарга яқин фуқаро иштирок этди ва улардан жами 20 тадан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар асосан аҳоли ҳудудларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички хўжалик йўлларини таъмирлаш, йўлларда қўшимча йўл белгиларини ўрнатиш, доимий иш ўрнига эга бўлиш, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ масалалардан иборат бўлди. Вилоят ИИБ бошлиғи сайёр қабулда фуқаролар томонидан берилган ариза, таклиф ва шикоятларини имкон қадар қисқа муддатларда қонуний ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, янги қурган иморатини табиий газ тармоғига уланишида амалий ёрдам сўраган фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этиш бўйича мутахассисларга топшириқ берилди. Шунингдек доимий иш ўрнига эга бўлиш истагида мурожаат қилган 3 нафар фуқарога туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан иш ўринлари таклиф этилди.

Қолган барча мурожаатлар юзасидан сайёр қабулда иштирок этган Боғот тумани Ҳокимлиги ва тумандаги ижтимоий-коммунал соҳа раҳбарлари билан ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси ва ижро муддатлари белгилаб олинди.

Ҳа, бугунги кунда мамлакатимизда халқ манфаатлари ҳар нарсадан устун.

Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан навбатдаги сайёр қабул 2019 йил 13 июль куни соат 11:00да Янгибозор тумани “Боғолон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган касб-хунар коллежи биносида бўлиб ўтади.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй