Эзгуликка йўғрилган соҳа

admin | 22-07-2019 | 2167

Эзгуликка йўғрилган соҳа 

Туризмни ривожи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ҳажми ортиши билан бирга аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадлари ўсишига бевосита таъсир кўрсатади. Ҳозирда дунё бўйича туризм соҳасида 200,0 млн.дан зиёд киши яъни дунёдаги жами банд аҳолининг карийиб 8% дан зиёди ишлайди. Бу эса барқарор ҳамда юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш борасида туризм имкониятлари анча юқори эканини кўрсатади.

Хоразмнинг тарихий аҳамиятга эга ҳудудларида айниқса қадимий ва навқирон Хива шаҳрида сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш уларга яхши шароитлар яратиш борасида бир қатор ижобий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги 939-сонли Қарорига мувофиқ Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси тизимида ташкил этилган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан туризм намойиши ва инфратузилмаси объекти ҳудудларида вилоятга келган чет эл ва маҳаллий туристлар ҳаёти, соғлиги ва мол-мулки билан боғлиқ хавфсизлик чораларини таъминлаш йўлга қўйилган.

Бугунги кунда, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг тарихий обидаларни эмин-эркин саёҳат ва зиёрат қилишлари учун яқиндан ёрдам бериб келинмоқда.

- Мен Хивага биринчи бор келишим, таассуротларим жуда катта, Хива ўйлаганимдан ҳам чиройли шаҳар эканлигига амин бўлаяпман, тушунишимча миллий қадриятларга бўлган ҳурмат, уни асраб авайлаш, ривожлантиришга бўлган иштиёқ сизларда анча кучли экан. Бизда ҳам миллий анъана ва урф-одатлар жуда муҳим саналади. Демакки, Жанубий Корея ва Ўзбекистон география жиҳатидан яқин бўлмасада, халқларнинг ўзаро қалбан яқинлиги маданий ва маънавий қадриятларни асраб-авайланишида кўриниб турибди. Сайёҳларга бўлган эътибор уларга яратилган шарт-шароитлар ҳар қандай кишини ҳурсанд қилади. Айниқса ҳеч нимадан ҳавотир олмай барча жойларга саёҳат қилиш мумкин. Энг асосийси юртингиз хавфсизлик жиҳатидан ҳам осойишта ҳудуд эканлигига гувоҳ бўлаяпман. Саёҳат қилиш учун айнан Хива шаҳрини танлаб янглишмабман, мен бу ерга албатта яна келаман-дейди, Жанубий Кореялик сайёҳ Ю Жин Кан (Yu Jin Kan).

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан сайёҳлар ташриф буюрадиган тарихий обидаларда хавфсизликни таъминлаш билан бир қаторда туристик объектлар ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларга турли йўналишларда ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам қатор амалий тадбирлар ўтказиб борилмоқда.

Ҳусусан, жорий йилнинг июль ойи давомида, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари Хива шаҳар “Ичон қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудида яшовчи аҳоли хонадонларига ташриф буюришиб, уларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишишди ҳамда турли йўналишларда амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатдилар.

Жумладан, биометрик паспорт расмийлаштирилмаган фуқароларга, янги биометрик паспорт олишлари лозимлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди. Шу билан биргаликда, кексалиги ёки ногиронлиги боис жисмоний имконияти чекланган фуқароларга биометрик паспортлар, вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳодимлари билан ҳамкорликда,  мобиль қурилмадан фойдаланган ҳолда, уларнинг яшаш манзилларида расмийлаштирилди.

Ҳозирги кунда, вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси томонидан воҳада туризм соҳасини тараққий эттириш, ҳудудларни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли бўлган масканга айлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кишиларга қулай шароитлар яратиш борасида мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

подполковник М.Худайберганов,

вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходими 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй