Расмий муносабат:

admin | 13-09-2019 | 1774

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда айрим хотин-қизларни аҳлоқсизликда айблаб уларнинг расм ва шахсий маълумотларини тарқатиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан

 

Ахборот коммуникация тармоқларининг кун сайин ривожланаётгани фан, таълим, саноат ва ишлаб чиқаришни юксалтиришга ҳисса қўшаётган бир пайтда, айрим шахсларнинг бундай имкониятлардан разил ва жирканч манфаатлари йўлида фойдаланишга уриниш ҳолатлари кундалик ҳаётимизда кам бўлсада учраб турибди.

Жумладан, ижтимоий тармоқларда ва телеграм мессенжерида турли номлар остида саҳифалар яратиб, ушбу саҳифаларда порнографик мазмундаги аудио, видео ва фото материалларни жойлаштириш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Айниқса, хотин-қизларнинг фотосуратлари ва шахсий маълумотлари (исми шарифи, яшаш манзили, телефон рақами)ни кўрсатган ҳолда, уларни гўёки аҳлоқан бузуқликда айблаб чиқаётган саҳифалар кундан-кунга ортиб бормоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан юқоридаги каби ноқонуний ишлар билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чоралар кўриш борасида тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2019 йилнинг 23 июль куни Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир гуруҳ шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 140-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу жиноят ишининг дастлабки тергови жараёнида хотин-қизларни аҳлоқсизда айблаб тарғиб қилаётган турли номлар остидаги каналларнинг аксарияти олдиндан жиноий тил бириктирган бир гуруҳ шахслар томонидан  фаолият юритиб келаётганлиги маълум бўлди. Энг ачинарлиси ушбу жиноий гуруҳ таркибида аёлларнинг ҳам борлигидир.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган, ўзини Хоразм вилояти Урганч туманида яшовчи (гарчи видеомурожаатда ушбу шахс ўзининг анкета маълумотларини тўлиқ келтириб ўтган бўлсада, биз бу маълумотларни ошкор этмасликни лозим топдик) шахснинг видео мурожаатида қайд этилган мазмундаги аризаси ҳам Хоразм вилоятида ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган юқоридаги жиноят иши доирасида кўриб чиқилмоқда.

Шу ўринда фуқароларга, айниқса хотин-қизларимизга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда шахсий маълумотларини ўзгалардан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратишларини, ўзлари акс этган фото, видео ва аудио махсулотларни виртуал танишларига бермасликларини тавсия этамиз.

Амалдаги қонунларимизда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш ҳамда ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, шунингдек порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланганлигини келгусида шундай қинғир ишларга қўл урмоқчи бўлган шахсларга яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз.

Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй