"Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонун

admin | 11-02-2017 | 801

3-боб. Ички ишлар органларининг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари
16-модда. Ички ишлар органларининг мажбуриятлари
Ички ишлар органлари:
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўриши;
жамоат жойларида, шу жумладан кўчаларда, майдонларда, истироҳат боғларида, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаши;
жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни, шу жумладан электрон шаклдаги шундай аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни қабул қилиши ҳамда рўйхатга олиши, мурожаат этувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кейинчалик хабар берган ҳолда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриши;
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга, ҳодиса жойига дарҳол етиб келиши, ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиши, фуқароларнинг хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиши, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳолатларини, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириши, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса изларининг сақланишини таъминлаши;
жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ҳамда бошқа хоналарига мулкдорларнинг ва улар вакилларининг хоҳишига хилоф тарзда ёки улар йўқлигида ички ишлар органлари ходимлари кирганлигининг барча ҳоллари тўғрисида йигирма тўрт соат ичида прокурорни ёзма шаклда хабардор қилиши;
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда ёки ҳодиса жойида жабрланган фуқароларга, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам ёки бошқа хил ёрдам кўрсатилишини ташкил этиши;
ўз ваколатлари доирасида жиноятлар фактлари бўйича жиноят ишларини қўзғатиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиши;
жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларни фош этиш, шунингдек уларни тайёрлаш ва содир этишга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда топиш чораларини кўриши;
айрим процессуал ҳаракатларни бажаришда суриштирув ва тергов органларига, судга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда ёрдам бериши;
жиноят ишлари бўйича, зарур бўлган ҳолларда эса жиноят иши қўзғатилгунига қадар, экспертизаларни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича экспертизаларни, шунингдек тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш мақсадида нарсалар ва ҳужжатларни текширишни тайинлаши ҳамда ўтказиши;
шахси таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаши;
соғлиғининг ҳолатига, ёшига кўра ёки бошқа сабабларга кўра ўзи тўғрисида маълумотлар бера олмайдиган шахсларни идентификация қилиш чораларини кўриши;
чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримларини, прокурорнинг, терговчининг ва суриштирувчининг қарорларини бажариши;
маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахсларни қамоқда сақлаши;
ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни қамоқда сақлаш жойларида сақлаши ҳамда қўриқлаши, маҳкумларни жазони ижро этиш муассасаларига тақсимлаши;
жазони ижро этиш муассасаларида ҳамда қамоқда сақлаш жойларида маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг сақланиш шароитларини ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаши;
руҳий ҳолати бузилган шахсларни кейинчалик мажбурий йўсинда даволаш учун, ушлаб турилганларни, қамоққа олинганларни ва маҳкумларни, шунингдек маъмурий қамоққа олинган шахсларни қўриқлаб боришни ва бошқа ерга кўчиришни амалга ошириши;
уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг ижро этилишини назорат қилишни амалга ошириши;
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш, умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазоларни, шунингдек жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини қонунга мувофиқ ижро этиши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар устидан маъмурий назоратни суднинг қарори асосида амалга ошириши;
транспорт воситасини бошқаришга бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ўқотар қурол ва ўқ-дориларни уларнинг ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тўғрисидаги суд қарорларини ижро этиши;
сурункали ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган, озодликдан маҳрум қилишга ёки қамоққа олишга ҳукм қилинганларни мажбурий тарзда даволашни суднинг ҳукми, ажрими ва қарори асосида амалга ошириши;
жазони ижро этиш муассасаларининг, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг, тергов ҳибсхоналарининг, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг, ички ишлар органлари вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг, аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг ва ички ишлар органлари кинология бўлинмаларининг фаолиятини таъминлаши;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриши;
қонунда назарда тутилган шахсларнинг профилактик ҳисобини юритиши;
профилактика тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш мақсадида жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг, уларни содир этган шахсларнинг, ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг, қидирув эълон қилинганларнинг, бедарак йўқолганларнинг, ўқотар қуролга эга бўлганларнинг ҳисобини юритиши, ушбу маълумотларнинг таҳлилини амалга ошириши;
ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаши ва улар билан якка тартибда профилактика ишларини олиб бориши;
вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириши;
ҳуқуқбузарликлар ёки ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни, шунингдек назоратсиз ва қаровсиз қолганларни ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, яшаш, тарбияланиш ва таълим олиш учун алоҳида шароитларга муҳтож бўлган вояга етмаганлар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ёхуд ҳудудий ички ишлар органининг хизмат биносига олиб бориши;
ижтимоий реабилитация ва ижтимоий мослаштириш чораларини кўриши;
таносил касалликларига, одамнинг иммунитет танқислиги вирусига (ОИВ инфекциясига), руҳий ҳолати бузилиши хасталигига, сурункали ичкиликбозликка, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка чалинган, шунингдек психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир қилувчи бошқа моддаларни истеъмол қиладиган, чақирув бўйича етиб келишдан бўйин товлаган шахсларни олиб келишда соғлиқни сақлаш муассасаларига қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда кўмаклашиши;
авариялар, фалокатлар, ёнғинлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда аҳолини хабардор қилиш, одамларни қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғинларни ўчириш, ҳудуднинг зарур участкаларини ўраб олиш (тўсиш) юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриши, шунингдек қаровсиз қолган мол-мулкни қўриқлашга доир вазифаларни бажариши;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳолларда унинг ҳуқуқий режимини таъминлашда иштирок этиши;
транспорт воситаларининг, йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳисобини юритиши ва уларни рўйхатга олиши, йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириши;
шахсни мастлик ҳолатида деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг транспорт воситасини бошқаришдан четлатилишини ҳамда мастлик ҳолатини аниқлаш учун уни белгиланган тартибда текширувдан ўтказилишини таъминлаши;
техник ҳолати хавфсизлик бўйича белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаши, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар бажарилмаётган бўлса, кўчалар ва йўлларда таъмирлаш-қурилиш ишлари ҳамда бошқа ишлар ўтказилишини чеклаши ёки тақиқлаши;
йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларига мос келмайдиган йўллардан ҳамда темир йўлдан ўтиш жойларидан фойдаланишни тақиқлаши;
Ўзбекистон Республикасида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг марказлаштирилган ҳисобини ҳамда ягона маълумотлар базасини юритиши;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишга доир материалларни тайёрлашда иштирок этиши;
хавф таҳдид солган тақдирда, судьяларнинг, прокурорларнинг, терговчиларнинг, суриштирувчиларнинг, жабрланувчиларнинг, гувоҳларнинг ҳамда жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриши;
ушлаб турилган ёки қамоққа олинган шахслардан олиб қўйилган, шунингдек топилган ва ички ишлар органларига топширилган ҳужжатлар, қимматбаҳо буюмлар, ашёлар ва бошқа мол-мулкнинг сақланишини таъминлаши, уларни қонуний эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ихтиёрига топшириш чораларини кўриши;
ўта муҳим ва тоифаланган объектларни, чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарини, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини, шунингдек ички ишлар органлари томонидан қўриқланиши керак бўлган ўзга объектларни қўриқлашни амалга ошириши;
эгасиз мол-мулк ва хазиналар тегишинча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ёки юридик шахслар ихтиёрига топширилгунига қадар уларнинг сақланишини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриши;
ўта хавфли ва махсус юкларни қўриқлаш ҳамда кузатиб бориш тадбирларини амалга ошириши;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига паспортлар, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахсларга гувоҳномалар, шунингдек чегара зонасига кириш учун рухсатномалар беришни ҳамда уларни алмаштиришни, турган жойи бўйича прописка қилиш ва пропискадан чиқаришни, ҳисобга олишни амалга ошириши, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириши, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни прописка қилишни ҳамда ҳисобга олишни таъминлаши, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари муддатини узайтириши, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визаларининг амал қилиш муддатини узайтириш масалаларини кўриб чиқиши;
фуқаролар ва мансабдор шахслардан қалбакилик белгилари бўлган ҳужжатларни, шунингдек тегишли асосларсиз уларда бўлган, муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган нарсаларни баённома тузган ҳамда унинг кўчирма нусхасини мазкур фуқароларга ва мансабдор шахсларга берган ҳолда олиб қўйиши;
топиб олинган ва ихтиёрий равишда топширилган саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари, алюмин кукунлари ва қурумларининг тегишли ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан қабул қилиниши ҳамда сақланиши, шунингдек уларнинг реализация қилиниши ёки йўқ қилиб ташланишини таъминлаш чораларини кўриши;
хизматга доир ахборотнинг, шунингдек хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминлаши;
карантин, санитария-эпидемиология ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказишда иштирок этиши, браконьерликка қарши курашишда табиатни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиши;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолиятни амалга ошириши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда фан ва технологиялар ютуқларини ривожлантириши ҳамда улардан фойдаланиши, янги усулларни, техник ва бошқа воситаларни жорий этиши;
маълумот-ахборот фондларини шакллантириши, криминалистик ҳисоб-ахборот тизимини яратиши, тезкор-қидирув ва кадрларга оид ҳисобларни, давлат статистика ҳисоботини ва бошқа статистика ҳисоботини юритиши шарт.
Ички ишлар органларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
17-модда. Ички ишлар органларининг ҳуқуқлари
Ички ишлар органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эса мажбурлов чораларини қўллаш;
ўз хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда эса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш;
агар терговга қадар ва тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув ва қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш ёки жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур бўлса, фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишни талаб қилиш;
содир этилаётган жиноятларга чек қўйиш, шунингдек уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳамда ушлаш учун, агар бунинг кечиктирилиши фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жамият ва давлат хавфсизлигини таҳдид остига қўйиши мумкин бўлса, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳудудига, турар жойларига ва бошқа биноларига, ер участкаларига, транспорт воситаларига сутканинг исталган вақтида тўсқинликсиз кириш (ошиб тушиш);
фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда ушлаш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган турар жойларда ва бошқа биноларда, уларга қарашли ер участкаларида фуқароларнинг розилиги билан, ташкилотлар жойлашган ҳудудда ва биноларда уларнинг маъмурияти рухсати билан ёки мулкдорнинг розилиги билан бўлиш;
жиноят ишларини тергов қилиш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар ҳақидаги аризалар ҳамда хабарларни кўриб чиқиш доирасида давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, шунингдек давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотларни ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш;
террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада жисмоний шахсларни шахсий кўрикдан ўтказишни, улардаги ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўрикдан ўтказишни, шу жумладан назорат қилишнинг техник ва бошқа воситаларини қўллаган ҳолда кўрикдан ўтказишни амалга ошириш;
ички ишлар органлари юритувидаги ишлар ва материаллар бўйича фуқароларни, мансабдор шахсларни ички ишлар органларига чақиртириш, улардан зарур тушунтиришлар, маълумотлар, ҳужжатлар, маълумотномаларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини олиш;
фуқароларни уларнинг розилиги билан ҳамкорликка жалб этиш, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларига ёрдам берган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларни тақдирлаш;
ташкилотлар ва фуқаролардан ички ишлар органларининг фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни бепул олиш, бундан қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган ҳоллар мустасно;
ҳуқуқбузарликларни, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органларига, бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга бажарилиши шарт бўлган тақдимномалар киритиш;
жиноятларнинг ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларни фош этиш мақсадида зарур маълумотлар базаларига эга бўлган ахборот тизимларини техник ва махсус воситалардан фойдаланган ҳолда яратиш;
жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни, шунингдек ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушлаш, ички ишлар органларига олиб бориш ва қамоқда сақлаш;
жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган ҳарбий хизматчиларни улар ҳарбий патрулга, ҳарбий комендантга, ҳарбий қисмлар командирларига топширилгунига қадар ушлаб туриш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушлаш ва ички ишлар органларига олиб бориш;
қамоқда сақланаётган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни, шахсини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда бошқа ушлаб турилган шахсларни, шунингдек қонунга мувофиқ ўзга шахсларни рўйхатга олишни, фотосуратга олишни, уларнинг овозини ёзиб олишни, уларни кино- ва видеотасвирга туширишни, бармоқ изларини олишни амалга ошириш;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган ёхуд шартли ҳукм қилинган шахсларни назорат қилиш бўйича чоралар кўриш;
ўзига нисбатан тайинланган тиббий ва тарбиявий йўсиндаги мажбурлов чораларини ўташдан бўйин товлаётган шахсларни ушлаш ва махсус муассасаларга олиб бориш;
аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказларига олиб бориш, шунингдек уларни шахси аниқлангунига қадар судларнинг ажримлари асосида ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга сақлаб туриш;
давлат органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан жиноятлар ҳолатларини, уларни содир этган шахсларни аниқлаш, суриштирув, тергов органларидан, суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ва маъмурий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган шахсларни қидириш учун бепул фойдаланиш;
йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун имтиҳонлар қабул қилиш ҳамда гувоҳномалар бериш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни амалга ошираётган таълим муассасалари устидан назорат олиб бориш;
автомототранспорт воситаларининг ҳамда уларнинг тиркамаларининг мажбурий давлат техник кўригини ва рўйхатдан ўтказилишини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, йўл ҳаракатини тартибга солиш;
йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқиш;
автомототранспорт воситаларидан фойдаланишда атмосфера ҳавоси ифлосланиши устидан давлат экологик назоратини амалга ошириш;
зарур бўлган ҳолларда, транспорт воситаларини тўхтатиш ҳамда уни бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, транспорт воситасига, шунингдек ташилаётган юкларга оид ҳужжатларни текшириш, ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс билан биргаликда транспорт воситасини ва юкларни ташқи кўздан кечириш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда транспорт воситаларини ва шахсларни ушлашни, кўрикдан ўтказишни амалга ошириш, шахсларни транспорт воситасини бошқаришдан четлаштириш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиб қўйиш, шунингдек транспорт воситаларини сақлаб туриладиган жойга қўйиш учун олиб бориш;
махсус автомобилларни, чет эл делегацияларини, автомобиль колонналарини, қимматбаҳо, йирик габаритли ва хавфли юкларни кузатиб боришни амалга ошириш;
йўллар ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларининг сақланиши, уларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланиши устидан назоратни амалга ошириш;
белгиланган паспорт тизими қоидаларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва мансабдор шахслар томонидан риоя этилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш қоидаларига чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
паспорт режими қоидаларига, шунингдек бажарилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш амалга оширилаётганда фуқароларнинг турар жойларига ва бошқа биноларига уларнинг розилиги билан соат 6-00 дан соат 22-00 гача кириш;
жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни уларнинг организмида алкоголь, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар мавжудлигини аниқлаш учун текширишни амалга ошириш;
жамоат жойларида алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсирида мастлик ҳолатида бўлган ва мустақил равишда ҳаракатланиш ёки адашмай йўл топиш қобилиятини йўқотган фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг реабилитация ва тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб бориш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари, уларнинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, алюмин кукунлари ва қурумлари муомалада бўладиган соҳада фаолиятни амалга ошираётган объектларнинг маъмурий, ишлаб чиқариш, омборхона ва ёрдамчи биноларига мазкур соҳада қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ички ишлар органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун хизмат гувоҳномасини ҳамда белгиланган тартибда бериладиган махсус рухсатномани кўрсатган ҳолда тўсқинликсиз кириш;
лицензия ва рухсат этиш талаблари ҳамда шартларининг бузилганлиги фуқаровий ва хизмат қуроли, унинг ўқ-дорилари, саноат учун мўлжалланган портловчи материаллар, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, алюмин кукунлари ва қурумларининг йўқолиши ёки талон-торож қилиниши хавфини келтириб чиқарган ҳолларда, уларни олиб қўйишни амалга ошириш, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларни, пиротехника буюмларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг прекурсорларини, алюмин кукунлари ҳамда қурумларини тегишли ихтисослаштирилган ташкилотларга, фуқаровий ва хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини эса ички ишлар органларига зудлик билан олиб боришни ҳамда сақлаш учун жойлаштиришни талаб қилиш;
ташкилотларда ҳамда фуқароларда лицензияларсиз ва рухсатномаларсиз турган ўқотар қуролни, унинг ўқ-дориларини, портловчи материалларни, пиротехника буюмларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва уларнинг прекурсорларини, алюмин кукунлари ва қурумларини белгиланган тартибда олиб қўйишни, ташишни ҳамда сақлаш учун жойлаштиришни амалга ошириш, уларни йўқ қилиб ташлаш чораларини кўриш;
давлат ёнғин назоратини амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли мол-мулкни улар билан тузилган шартномалар асосида қўриқлаш;
қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш, тегишли ташкилотларда объектнинг ички, рухсатнома билан кириш ва ёнғинга қарши режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, бундан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган объектлари мустасно;
лицензиялашни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришни амалга ошириш, қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензия талаблари ҳамда шартларига риоя этилишига доир текширувлар ўтказиш;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ва Давлат герби тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, қонун ҳужжатларини ички ишлар органларининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.
Ички ишлар органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 

Ҳуқуқи, мажбуриятлари ва вазифалари


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй