Таассуротларга бой сайёр қабул

admin | 08-10-2019 | 632

Таассуротларга бой сайёр қабул 

 

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Хоразм вилояти сектор раҳбарлари томонидан шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Хоразм вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан навбатдаги сайёр қабул Янгибозор тумани аҳолиси учун 2019 йилнинг 8 октябрь куни туманнинг Чўболончи қишлоғидаги маданият марказида бўлиб ўтди.


Туманга сайёр қабул ўтказиш мақсадида ташриф буюрган вилоят ИИБ бошлиғи дастлаб тумандаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, шу мактабнинг 16 ёшга тўлган беш нафар ўқувчисига фуқаролик паспортларини тантанали равишда топширди.

Ҳа бугунги кунда таълимга эътибор хар қачонгидан кучлироқ. Бу бежиз эмас албатта, бугун ёшларимиз билимларни қанчалик пухта эгаллаши уларнинг келажакда жамият учун шунча даражада фойдали шахс бўлиб камолга етишини кафолатидир. 

Мактабнинг 11-синф ўқувчилари билан учрашган вилоят ИИБ бошлиғи бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар, янгиланишлар тўғрисида ўқувчиларга хаётий мисоллар билан тушунтириб берди ва бу имкониятлардан унумли фойдаланишга чорлади. Учрашув якунида мазкур синфда тахсил олаётган ўқувчиларга бадиий адабиётлар топширилди.

Шундай кейин маданият маркази биносида бўлиб ўтган сайёр қабулда юз нафарга яқин фуқаро иштирок этди ва улардан жами йигирмадан ортиқ мурожаат келиб тушди. 

Мурожаатлар асосан, аҳоли яшаш ҳудудларини ижтимоий инфратузилмасини янада яхшилаш, тиббий хизматдан фойдаланишда имтиёз яратиш масалалари билан боғлиқ бўлди. Шунингдек фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Вилоят ИИБ бошлиғи сайёр қабулда фуқаролар томонидан берилган ариза, таклиф ва шикоятларини имкон қадар қисқа муддатларда қонуний ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратди. 

Сайёр қабул жараёнида бир нафар фуқарога ногиронлик аравачаси берилди.

Айни кунларда юртимизда пахта йиғим-терими қизғин паллага кирганлигини инобатга олган ҳолда, кейин вилоят ИИБ бошлиғи туман Ҳокими ҳамроҳлигида тумандаги пахта йиғим теримида иштирок этаётган фуқароларнинг мурожаатларини бевосита тинглаш учун пахта даласига ташриф буюрди.

Дала майдонига келиб фуқаролар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, албатта бугунги кунда мутасадди раҳбарларнинг халқ дарду-ташвиши билан ишлаб, яшаб келаётганлигидан далолатдир. Пахта йиғим-теримида иштирок этаётган фуқароларнинг мурожаати суюлтирилган газ етказиб берилиши билан боғлиқ бўлди ва уларнинг бу мурожаатини ижобий ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашув якунида пахта теримида фаоллик кўрсатиб келаётган илғор теримчилардан бир гуруҳига совғалар топширилди.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй