Малакали кадрлар - самарадорлик гарови

admin | 09-10-2019 | 519

Малакали кадрлар - самарадорлик гарови

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Хоразм вилоятида туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлимлари тезкор вакиллари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати офицерлар таркиби учун 5 кунлик малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида мамлакатимиз Президенти томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳияти, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга, шунингдек улар ижросини таъминлаш механизмларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бугунги кунда ижтимоий ҳаёт шиддат билан ривожланиб бормоқда, бу эса барчамизга, шу жумладан ички ишлар органлари зиммасига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда, – дейди Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов. – Айниқса, сўнгги уч йилда Президентимиз ташаббуси билан тизимни ислоҳ этиш, кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш, жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигини ошириш, соҳанинг қуйи бўғинларини мустаҳкамлашга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг муҳими, халқ манфаатларига хизмат қилиш ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезони этиб белгиланди.

Ушбу устувор йўналишларнинг мазмун-моҳиятини соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимга етказиш, айниқса уларнинг аҳамиятини ҳамда ижросини таъминлаш усул ва услубларини тушунтириш жойларда ўтказилаётган ўқув йиғинларининг асосий мақсади ҳисобланади.

– ИИВ Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғини касбий билимларимизни янада мустаҳкамлаб олиш учун имкониятдир, – дейди Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, майор Алишер Юсупов. – Ўқув машғулотларида малакали ўқитувчилар томонидан хизмат фаолиятимизга оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари,  Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ИИВнинг буйруқлари талаблари тушунтириб берилмоқда.

– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда “ҳудудлар тажрибаси”, хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ижобий тажрибаларни тушунтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Хоразм вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили, капитан Хасанбой Нурметов, – Бундан ташқари, террорризм тушунчаси ва моҳияти, унинг экстремизм билан алоқадорлиги ҳамда унга қарши курашиш, миссионерлик ва прозелитизмнинг услуб-воситалари ҳамда минтақавий хусусиятлари, ноисломий диний ташкилотларнинг ноқонуний фаолиятига қарши курашиш каби мавзулар бўйича ҳам машғулотлар ўтказилмоқда. Шубҳасиз, ўқув машғулотларида олган билимларимиз хизмат фаолиятимизни самарали ташкил этишга хизмат қилади.

 

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй