Раддия:

admin | 24-10-2019 | 123

Раддия: Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Йўл чизмаси йўқ” деган баҳона билан ҳайдовчиларнинг лицензияси олиб қўйилмоқда” номли мақола юзасидан

 

Республикамизда аккредитациядан ўтмаган турли ижтимоий тармоқларда 2019 йил 21 октябрь куни “Йўл чизмаси йўқ” деган баҳона билан ҳайдовчиларнинг лицензияси олиб қўйилмоқда” номли сарлавҳа остида мақола чоп этилган.

Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан ёзилганлиги баён этилган мазкур мақолада жумладан “Лицензия текширувчилар ЙПХ ходимлари билан биргаликда транспорт воситаларини тўхтатиб, хужжатлари жойида, аммо биргина йўл чизмаси йўқ ҳайдовчиларнинг лицензиясини олиб қўймоқда. Аммо улар ҳайдовчининг ёнида йўл чизмаси бўлиши ҳақидаги қонуний асосни кўрсатиб бера олмади. Қолаверса, умуман кира қилмайдиган фуқароларга ҳам уюштирилган ҳолда жарима солишмоқда. Биз текширувчилар аввало ўзлари қонунга риоя этишини талаб қиламиз” деб кўрсатиб ўтилган.

Ушбу мақола Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди ва унда кўрсатилган ҳолатлар қуйидаги асосларга кўра рад этилади.

Хоразм вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан имзоланган қўшма буйруққа асосан, вилоят ҳудудида йўловчи ва багаж ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари ҳайдовчиларининг фаолияти назорат тартибида ўрганиб борилиши белгиланган бўлиб бу жараёнда йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан ҳайдовчининг траспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларининг тўлиқлиги, ҳайдовчининг хушёрлик ҳолати ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг ҳудудий бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспекторлари  томонидан эса мазкур ҳайдовчининг йўловчи ва багаж ташиш фаолияти билан шуғулланиш тартиб-қоидаларига риоя этиши текширилади.

Жорий йилнинг 18-20 октябрь кунлари Хоразм вилоятининг Гурлан туманида ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишлари, шунингдек йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг тегишли лицензия талабларига риоя этишини текшириш мақсадида қўшма рейдлар ўтказилган.

Рейд давомида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 25 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга тегишли транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.

Шунингдек, йўловчи ва багаж ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган икки нафар ҳайдовчи томонидан тендер шартномаси талабларини бузилганлиги ҳолати Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг ҳудудий бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан  аниқланган ва уларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш учун белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар йўловчилар ташишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссияга оширилган. Мазкур ҳолатларда “Йўл схемаси”га эга бўлмаган ҳайдовчиларга ЙПХ инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилмаган. Чунки, йўловчи ва багаж ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчиларнинг “Йўл схемаси”га эга бўлмаслиги ЙПХ инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштириш учун асос бўлмайди.

Шу ўринда, автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш билан шуғулланувчи шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидалари ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида”ги 482-сонли Қарорини яна бир бор ўрганиб чиқишларини тавсия этган бўлардик, жумладан ушбу Қарорнинг 19-бандида қуйидаги нормалар қайд этилган:

Мунтазам қатновларни амалга оширувчи автобуслар ва йўналишли таксилар ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда:

тендер контрактига мувофиқ ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномага;

тегишли лицензияга (лицензия карточкасига);

йўналиш ҳужжатларига;

йўл варақаси ва чипталарни ҳисобга олиш варақасига;

йўл варақаларида йўлга чиқишдан олдин белгиланган тартибда ўтказиладиган автотранспорт воситасининг техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги қайдларга;

қатнов жадвалига ва йўналиш схемасига (шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда — унда аҳоли яшаш жойларидан ўтиш вақти, овқатланиш, дам олиш, тунги ухлаш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда) эга бўлиши керак.

Барчага маълумки, ҳар қандай орган ўзи томонидан берилган рухсатнома ва лицензияларни  қонунда белгиланган тартибда қайтариб олиш, бекор қилиш ёки тўхтатиб туриш ваколатига эга.

 Хоразм вилояти ИИБ


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй