Муаммоларга ечим топиш асосий мақсадимиз

admin | 05-11-2019 | 89

Муаммоларга ечим топиш асосий мақсадимиз

 

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Хоразм вилояти сектор раҳбарлари томонидан шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Хоразм вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан навбатдаги сайёр қабул Урганч шаҳри аҳолиси учун 2019 йилнинг 5 ноябрь куни шаҳарнинг “Тозабоғ” маҳалласида бўлиб ўтди.

Сайёр қабулда юз нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди ва улардан жами йигирмадан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар асосан, аҳоли яшаш ҳудудларини ижтимоий инфратузилмасини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдамлар берилиши, ички ишлар органлари хизматига кириш масалалари билан боғлиқ бўлди. Шунингдек фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Вилоят ИИБ бошлиғи сайёр қабулда фуқаролар томонидан берилган ариза, таклиф ва шикоятларини имкон қадар қисқа муддатларда қонуний ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратди. 

Асосийси, қабул жараёнида мурожаат этган икки нафар фуқарога ногиронлик аравачалари шу ернинг ўзида топширилди.

Бу галги сайёр қабул жараёнида ҳам анъанага кўра эзгу ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Урганч шаҳридаги “Болалар уйи”га ташриф буюрган вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармуҳамедов мазкур муассасада яратилган шарт-шароитлар, мавжуд муаммолар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг, муассасага болалар ўйинчоқлари ва хўжалик анжомлари топширилди. Вилоят ИИБ бошлиғи муассасага доимий равишда беғараз ғамхўрлик кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида қахрамонларча вафот этган ички ишлар органлари ходими катта сержант Қутлимурод ака Рўзметовнинг хонадони вилоят ИИБ бошлиғининг навбатдаги ташриф манзили бўлди. Қутлимурод ака хизмат қилган соҳа раҳбарияти ва ҳамкасбларининг ташрифидан хонадон аъзоларининг кўнгли меҳрга тўлди. Бошқарма томонидан ажратилган совғалар марҳумнинг бевасига топширилди.

Соҳа фахрийларининг ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни кундалик иш тартибининг ажралмас қисмига айлантирган вилоят ИИБ бошлиғи бу сафар 30 йил ички ишлар органларида хизмат қилган, истеъфодаги майор, айни кунларда 87 баҳорни қаршилаётган, Урганчлик Қодир ота Салаев хонадонида бўлди. Фахрий отахон билан билан кечган самимий суҳбат, соханинг тарихий ривожланиш давридан тортиб хозирги туб ислоҳотларгача бориб тақалди. Қодир отага бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.

подполковник З.Исмоилов, вилоят ИИБ ходими 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй