Халққа хизмат қилиш муқаддас бурчимиз

admin | 12-12-2019 | 1457

Халққа хизмат қилиш муқаддас бурчимиз

 

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ибора бугун хаётий ҳақиқатга айлангани барчамизга аён албатта. Буни одамларнинг кайфияти, турмуш тарзи ва эртанги кунга бўлган ишончидан хам кўриш мумкин. Инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги эзгу ташаббус ва хайрли ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Вазирлик ва идора-ташкилот раҳбарларининг жойларда ўтказаётган сайёр қабул ва учрашувлари орқали энг чекка ҳудудлардаги муаммо ва бошқа масалалар ўрганилмоқда. 

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов 2019 йилнинг 10 декабрь куни Хоразм вилоятида бўлиб, аҳоли билан учрашди. Сайёр қабулларда жараёнида аҳолининг 50 га яқин турли масалалардаги мурожаатлар тегишли тартибда ўрганилди. Мурожаатлар аксариятини (23 та) ички ишлар органлари хизматига кириш ва хизматга қайта тиклаш масаласи ташкил этди.

Ўндан ортиқ мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилиши таъминланган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб бошқа мурожаатлар назоратга олинди. 

“Ўзим ўқиган мактабга китоб совға қиламан” шиори остида раҳбар ходимларнинг ўзи таълим олган мактабларига қилаётган ташрифи ўқувчи-ёшларда ватанпарварлик ҳиссини оширишга хизмат қилмоқда. Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов ҳам Хоразм вилоятига ташрифи давомида, ўзи таҳсил олган, Боғот туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, вазир ўқувчиларни мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланишга, келажакда Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишга чақирди. Ўз номидан мактаб кутубхонаси учун 100 дан ортиқ бадиий адабиётлар совға қилди. Кўрсатилаётган бу каби эътибор устозлари ва мактаб жамоасини янада руҳлантирди. 

Ички ишлар вазирига мазкур мактабда ўқиган даврларида тарих фанидан сабоқ берган устози Шокир ота Раззоқов ҳали-ҳануз ёшларга таълим бериб келмоқда. Бугун унга хурмат кўрсатилиб, миллий тўн ва дўппи кийдирилди ҳамда телевизор совға қилинди. 

Генерал-лейтенант П.Бобожонов Боғот туманига ташрифи давомида яқинда таъмирдан чиққан туман Ички ишлар бўлими биносида хам бўлди. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ички ишлар бўлимларида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва қонуний ҳал этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алохида эътибор қаратилган. Бу борада Боғот туманида қилинган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Ички ишлар Вазири томонидан беш нафар фуқароларга янги биометрик паспортлар топширилди. Таъкидлаш жоизки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг аъзолари бўлган ушбу шахсларнинг биометрик паспорт учун тўлаши лозим бўлган давлат божи маҳаллий хокимлик томонидан қоплаб берилди. Уларга рахбарият томонидан совғалар хам улашилди.

Ички ишлар вазирининг навбатдаги ташриф манзили Урганч туманининг “Бахшилар” маҳалласи бўлди. Аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммо ва масалалари эшитилди. Ҳудуддан 4К931 яъни маҳаллий аҳоли томонидан “эски Урганч-Шовот йўли” номи билан аталувчи автомобиль йўли ўтган. Маҳалла аҳолисининг мурожаатини инобатга олган ҳолда мазкур автомобиль йўлида жорий таъмирлаш ва пиёдалар юриши учун қўшимча икки километр йўлакча ташкил этиш ишлари шу куннинг ўзида бошлаб юборилди ва ишларнинг тўла-тўкис бажарилиши вилоят Ички ишлар бошқармаси назоратига олинди.

Ногиронлиги бор, ижтимоий химояга мухтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бугунги кунда муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Сайёр қабулларда айни шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Урганч туманининг “Бахшилар” маҳалласида истиқомат қилувчи Лочинбек Отамуротов болаликдан ногирон, айни пайтда уй шароитида таълим олади. Ички ишлар вазирининг ташрифи у учун кутилмаган совға бўлди. Раҳбарият томонидан Лочинбекка компьютер жамланмаси ва китоблар совға қилинди.  

Шундан сўнг Ички ишлар вазири Урганч туман Ички ишлар бўлими биносида ҳам бўлди. Яқинда мукаммал таъмирдан чиқарилган ушбу бинода ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислохотларнинг амалий ифодасини кўриш мумкин.

Ички ишлар вазири ташриф доирасида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига қарашли, янги қурилган, Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш муассасаси ва у ерда яратилган қулайликлар билан ҳам танишди. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бу ерда маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш шарт-шароитлари халқаро ва миллий қонунчилик талабларига тўла мос келади. Ички ишлар вазири муассаса ходимларига маъмурий қамоққа олинган шахсларни нафақат сақлаш, балки уларни келгусида қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш лозимлиги тўғрисида зарур тавсиялар берди.

Шу куннинг ўзида Ички ишлар вазири Урганч туманининг “Обод” маҳалласида хам бўлди. Маҳалла фуқаролари билан учрашди. Уларнинг оилавий аҳволини ўрганди. Мурожаатларга асосан, ҳудуд аҳолисига қўшимча равишда суюлтирилган газ ва арзонлаштирилган нархда кўмир тарқатилди. Шу маҳаллада яшовчи, 3-гуруҳ ногирони, ижтимоий ҳимояга муҳтож Ф.Бобожонова хонадонига газ плитаси совға қилинди.

Иш куни жуда тиғиз бўлишига қарамасдан, Ички ишлар вазири шу куни кечки пайтда, жорий таъмирланиб, фойдаланишга топширилган Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Тиббиёт бўлими физиотерапия ва 20 ўринга мўлжалланган неврология бўлими биносида бўлди. Бугунги кунда Тиббиёт бўлимида нафақат ички ишлар органлари ходимлари, шу билан биргаликда уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари учун хам малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Одамларнинг дарду-ташвиши билан яшаш инсонийликнинг энг олий мезонидир”. Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган хайрли ташаббус ва яратувчанликлар замирида хам айни шу эзгу қараш мужассам. Ички ишлар вазирининг Хоразм вилоятига қилган бир кунлик ташрифи ҳам кўплаб оилаларга қувонч бағишлади. Муҳими уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳисси ошган бўлса ажабмас.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй