Раддия:

admin | 13-01-2020 | 79

Раддия: Интернетнинг “Youtube” хостингида фуқаро Ж.Рустамов томонидан “Президентга видео мурожаат” номи остида жойлаштирилган видеолавҳа юзасидан

 

2019 йилнинг 16 декабрь куни Интернетнинг “Youtube” хостингида фуқаро Ж.Рустамов томонидан “Президентга видео мурожаат” номи остида  видеолавҳа жойлаштирилган бўлиб, ушбу видоелавҳа тааллуқлилиги бўйича Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва ушбу видеолавҳадаги мурожаат қилувчи шахс томонидан келтирилган важлар қуйидагиларга кўра рад қилинади.

Жумладан, мурожаат қилувчи шахс Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган Рустамов Жасурбек Махсудбек ўғли бўлиб, у ва бошқа бир гуруҳ шахсларга нисбатан 2014 йилнинг 27 июль куни Ҳазорасп тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган. (Ўзбекистон Республикаси Жиноят –процессуал кодексининг 345-моддаси кўра Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов прокуратура органларининг терговчилари томонидан олиб борилади).

Фуқаро Ж.Рустамов ва бошқаларга нисбатан 2015 йилнинг 25 январь куни Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и,п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси 2-қисми “б” банди (Босқинчилик) бўйича айблов ҳукми чиқарилган ва судланувчиларга турли муддатларга, жумладан Ж.Рустамовга 16 йил муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган.

Мазкур хукм 2018 йил 11 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси судида назорат тартибида кўриб чиқилиб, судланувчи Ж.Рустамовнинг айби Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмига (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) қайта квалификация қилиниб, “...амнистия тўғрисида”ги Қарорга асосан жазодан озод этилган.

Ж.Рустамов озодликка чиққанидан кейин, ўзини дастлабки суриштирув ва тергов пайтида ички ишлар органлари ходимлари қийноққа солишганлиги тўғрисида бир неча маротаба ариза билан мурожаат қилган бўлиб, унинг аризалари тегишли органлар томонидан ўрганиб чиқилган ва аризасида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаган ҳамда унга бу тўғрисида ёзма равишда жавоб хатлари берилган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй