Ислоҳотларни тизимга татбиқ этиш йўлида

admin | 17-02-2020 | 3266

Ислоҳотларни тизимга татбиқ этиш йўлида 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида, қисқа фурсат ичида Хоразм вилоятининг Урганч тумани “Тандирчи” маҳалласида “Обод ва хавфсиз маҳалла” шиори остида амалий ишлар бошлаб юборилди. 

Жумладан, ушбу маҳаллада жойлашган 202-сонли жамоатчилик назорати масканининг фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Яъни, эндиликда мазкур жамоатчилик назорат масканида “Тандирчи” маҳалласининг барча кўчаларига ўрнатилган кузатув камералари орқали тезкор криминоген вазиятни бир нафар жамоатчилик вакили томонидан онлайн тарзда кузатиб бориш ва зарурат туғилганда ички ишлар органларига зудлик билан хабар бериш имкониятини беради.

Маҳалладаги жамоатчилик назорати маскани фаолияти билан танишган Ички ишлар вазири мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи бир гуруҳ фаоллар билан ҳам учрашди. 


Ҳамда маҳаллада жойлашган давлат хусусий шерикчилик асносида ташкил этилган 120 ўринли мактабгача таълим муассасасида бўлиб, у ерда болаларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Болалар меҳмонларни ўзларининг бадиий чиқишлари билан кутиб олган бўлсалар, ўз навбатида Вазир муассасага ва шу ерда тарбияланаётган болаларга эсдалик совғаларини топширдилар.

Шундан кейин Ички ишлар вазири Урганч шаҳрида яқинда ўз фаолиятини бошлаган автомобиль савдоси билан шуғулланувчи жамият биносида автомототранспорт воситалари учун давлат рақам белгиларини расмийлаштириш шаҳобчасини ташкил этиш билан яқиндан танишди. Вилоятда илк маротаба тажриба тариқасида ташкил этилган мазкур шаҳобча йўл ҳаракати хавфсизлигининг рўйхатга олиш бўлимларидаги тирбандликларга чек қўйиши билан биргаликда фуқароларнинг вақтини тежаш имкониятини ҳам беради.

Шунингдек, Вазир раҳбарлигида вилоятга ташриф буюрган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари ҳамда соҳавий хизматларда кенг кўламли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор жисмоний ва юридик шахсларнинг ички ишлар органларига қилган мурожаатларини қонуний хал қилинганлигига қаратилиб, ислоҳотларни тизимга изчил татбиқ этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хоразм вилояти мамлакатимизнинг туристик салоҳияти юқори бўлган вилоятлардан бири ҳисобланади. Айниқса “очиқ осмон остидаги музей” дея таъриф этиладиган Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” тарихий обидаларини томоша қилишга ҳар йили юз минглаб сайёҳлар ташриф буюрадилар. Барчага маълумки, туризм фаолиятидаги “олтин қоида”лардан бири қаердаки  сайёҳлар хавфсизлиги тўлиқ таъминлансагина, шу ерда уларнинг оқими кўпаяди. Ана шундан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбари туристик салоҳиятига эга бўлган ҳудудларда ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш йўналишини ташкил этиш борасида қарор қабул қилдилар. Айни кунларда мазкур соҳавий хизматнинг моддий-техник базасини бойитиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хива шаҳрида қурилиш ишлари бошланган Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг маъмурий биноси ҳам бу борадаги ишларнинг амалий ифодасидир. Вазир Хоразм вилоятига ташрифи доирасида мазкур маъмурий бинода олиб борилаётган қурилиш монтаж ишлари билан яқиндан танишиб, қурилиш ишларини қисқа муддатларда, шу билан биргаликда қурилиш меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда якунига етказиш бўйича тавсия ва топшириқлар бердилар.

Ички ишлар вазирининг навбатдаги ташриф манзили Хива шаҳар ИИБ бўлди. Вазир бўлимда амалга оширилган таъмирлаш ишлари ва тажриба тариқасида шаҳар ҳудудида тезкор криминоген вазиятни назорат қилиш мақсадида ташкил этилган ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишди.

Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактаби республикамизда янги ташкил этилган таълим даргоҳларидан биридир. У ўз бағрига Хоразм вилоятининг иқтидорли ўғил-қизларини қабул қилган. Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов Хоразм вилояти хокими Ф.Эрманов ҳамроҳлигида мазкур ижод мактабида бўлиб, ўқувчи ёшларга яратилган шарт шароитлар билан яқиндан танишди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй