ОРЗУСИ УШАЛГАН ҚИЗ

admin | 05-03-2020 | 527

                                                   ОРЗУСИ УШАЛГАН ҚИЗ

 

Сиз суратда кўриб турган хивалик бу қиз Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони саф бўлинмалари ижтимоий-сиёсий, оммавий-маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отряди “Эзгулик патрули” махсус гуруҳи сафдор ходимаси, сафдор Фарангиз Пирназаровадир.

 

   Ички ишлар ходимлари томонидан Хива педагогика касб-ҳунар коллежида ўтказилган давра суҳбати Фарангизнинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Коллежни тугатиб, ўқитувчи бўлишни астойдил орзу қилиб юрган бу қиз кишига кўрк бағишлаб турган хизмат кийимидаги  аёлларни кўрди-ю, бу соҳага қизиқиб қолди. Коллежни тамомлагач, ўз қобилиятини синаб кўриш мақсадида вилоят ИИБ кадрлар бошқармасига мурожаат қилди. Жисмоний тайёргарлик ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган Фарангиз вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальонига хизматга қабул қилинди. Аввалига жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлашдек машаққатли вазифани эркаклар билан ёнма-ён туриб адо этиш унчалик осон бўлмади. Аммо у барчасига сабр ва матонат билан  чидади. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ИИВнинг буйруқ ва кўрсатмаларига қатьий риоя қилди. Устоз-мураббийларининг ўгитларига, насиҳатларига қулоқ тутди. Касб сирларини қунт билан ўрганди. Қисқа фурсат ичида мустақил иш юритадиган, зиммасидаги топшириқларни ўз вақтида бажарадиган ғайрат-шижоатли ходимага айланди.

   -Зиммамизга аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлаш, вилоятимизга ташриф буюраётган фуқароларимизга, сайёҳларимизга кундалик режаларини амалга ошириш бўйича зарур маслаҳатлар, маълумотлар бериш, уларнинг манзилларига етиб олишлари учун амалий ёрдамлашиш, тўсатдан бетобланиб қолган кишиларга биринчи тез тиббий ёрдами кўрсатиш ва яқинларини бу ҳақда хабардор қилиш каби кўплаб муҳим вазифалар юклатилган,-дейди сафдор Фарангиз Пирназарова.-Биз ўзимизнинг хушмуомалалигимиз, ижобий фазилатларимиз, эзгу ишларимиз, амалий кўмагимиз билан воҳамиз меҳмонларида илқ таассуротлар қолдиришимиз лозим ва шунга ҳаракат қилаяпмиз.

  Сафдор Фарангиз Пирназарованинг ППХ батальонида хизмат қилаётганига эндигина икки йил бўляпти. Ўтган қисқа давр мобайнида ўзининг тиришқоқлиги, изланувчанлиги, хизмат вазифасига масъулият билан ёндошиши туфайли бошқарма раҳбариятининг эътиборини қозонди. Фидойи ёшлардан бири сифатида эътироф этилди.

   -Фарангиз масъулиятни чуқур ҳис қила оладиган шижоатли ёшларимиздан бири,-дейди вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони командири, майор Рашид Султонов.-У қисқа вақт давомида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўла ўзлаштира олди ва ҳамкасбларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Шунингдек, инглиз ва рус тилларини пухта ўзлаштириб олгани туфайли чет эл сайёҳларининг ҳам эътиборини қозонмоқда.            

   Қахрамонимиздаги теран фикр, касбига бўлган садоқат, ёшларга хос ғайрат-шижоат унинг кундалик хизмат фаолияти давомидаги ҳатти- ҳаракатида яққол сезилиб туради. У ўз зиммасидаги топшириқларни бекаму-кўст адо этиш билан бир қаторда бошқармадаги жамоат ишларида ҳам доимо фаол. Айниқса у байрам тадбирларида, турли учрашув ва кечаларда ўзининг ташаббускорлигини, фаоллигини намоён этиб, ҳамкасбларига ўрнак бўляпти.

                                                            

                                                                                                                                                         Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                     “Postda” мухбири.  

                                                                                        


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй