Хоразм вилояти аҳолиси ва меҳмонлари диққатига !!!

admin | 28-03-2020 | 3262

Хоразм вилояти аҳолиси ва меҳмонлари диққатига !!!

Хоразм вилояти аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясини вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида, Хоразм вилояти Ҳокимининг 2020 йил 27 март куни 85Ф-сон Фармойиши эълон қилинди.

Ушбу фармойишга кўра 2020 йил 27 март куни соат 15:00дан бошлаб, вилоятнинг барча туманлар ва шаҳарларига, шунингдек республиканинг барча ҳудудларига транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) кириш ва чиқиш ҳаракатлари тўхтатилди.

Вилоятнинг туман (шаҳар)ларига кириш ва чиқишдаги ЧЕКЛОВЛАР юк ташиш билан боғлиқ ҳолатларга, шунингдек, туман (шаҳар)да доимий яшовчи  (рўйхатдан ўтган) шахсларга туман (шаҳар)га кириш учун, шунингдек, туман(шаҳар)даги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан туманларга бириктирилган масъул ходимларга нисбатан ТАТБИҚ ЭТИЛМАЙДИ.

Шу муносабат билан вилоятдаги шаҳар (туман)га кириш ва чиқиш жойларида вақтинчалик постларнинг фаолияти ташкил этилди.

Туман (шаҳар) ҳудудларини боғловчи асосий йўллардан ташқари ички айланма кўча ва йўлларда ҳаракат тақиқланди.

Шаҳар (туман)га кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналар мажбурий дезинфекция қилинади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда вилоятимиз аҳолиси ва меҳмонларидан шаҳар (туман) ҳудудига кириш ва чиқишга қўйилган чекловларга ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраймиз.

Шаҳар (туман) ҳудудига кириш ва чиқиш жойларида вақтинчалик ташкил этилган постларда хизмат олиб бораётган ходимларнинг қонуний талабини бажармаслик маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Хизмат вазифаларини бажариш юзасидан бир манзилдан бошқа манзилга (вилоятдаги шаҳар ва туманлар назарда тутилмоқда) борадиган ишчи хизматчилар ўзлари билан шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва иш жойидан маълумотномани (маълумотнома мазкур корхона, ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади) доимий равишда олиб юрсалар, постларда  текширувларнинг қисқа муддатда амалга оширилиши таъминланади.

Ҳурматли фуқаролар! Ушбу синовли кунларда, биз Сиз билан қалбан бирга эканлигимизни ҳис қилишингизни ва имкон қадар уйда қолишингизни сўраб қоламиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй