Расмий муносабат:

admin | 19-04-2020 | 1216

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида ЙПХ инспектори томонидан такси автомашинасини асоссиз равишда жарима майдончасига жойлаштирилганлиги тўғрисида эълон қилинган видеомурожаат юзасидан

 

2020 йил 15 апрель куни YouTube хостингида блогер Мақсуд Музаффаров номидан видеомурожаат тарқатилган бўлиб, унда Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори “Нексия” русумли 90 458 ТТН давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар автомашинани жарима майдончасига жойлаштириш учун асос бўлмасада, автомашина жарима майдончасига вақтинчалик сақлаш учун қўйилганлиги баён қилинган.

Блогер Мақсуд Музаффаровнинг ушбу видеомурожаати юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўтказилган хизмат текшируви жараёнида қуйидагилар маълум бўлди.

2020 йил 8 апрель куни Боғот тумани ҳудудидан ўтган 4Р-156 автомобиль йўлининг 27-километрига хизматни ўташга тақсимланган Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори кичик сержант С.Я. “Нексия” русумли 90 458 ТТН давлат рақам белгили такси автомашинасини тегишли ҳужжатларини текшириш учун тўхтатган. Текширув жараёнида ҳайдовчи Б.М.нинг малака ошириш сертификатига эга бўлмаганлиги, шунингдек автомашинанинг орқа лой тўсгич ва сачратмагичи йўқлиги (синганлиги) сабабли, ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси 1-қисми ва 125-моддаси 2-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилганлиги тушунтирилиб, бу юзасидан маъмурий баённома тузилган.

Амалдаги қонунчиликда мазкур такси автомашинаси ҳайдовчиси томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун автомашинани мажбурий тартибда жарима майдончасига жойлаштириш кўзда тутилмаган бўлмасада, ЙПХ инспектори асоссиз равишда автомашинани жарима майдончасига жойлаштиргани маълум бўлди. Ҳозирги кунда мазкур қоидабузарлик  бартараф этилиб, автомашина жарима майдончасидан чиқарилган.

Хизмат текшируви якунига кўра ЙПХ инспектори интизомий жазога тортилди. ЙПХ инспекторига нисбатан интизомий жазо тайинлашда, унинг мазкур тизимда қисқа муддатдан буён хизмат қилиб келаётганлиги ва ҳайдовчининг унга нисбатан ҳеч қандай даъво ва эътирози йўқлигини билдириб, суриштирув ишларини тугатишни сўраганлиги ҳам эътиборга олинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй