Сувд чўмилиш юзасидан тавсиялар ҳамда бахтсиз ходиса саналган “сувга чўкиш”ни олдини олиш ҳақида

admin | 24-05-2017 | 17186

ЧЎМИЛИШДА эҳтиёткорлик – хавфсизлик гарови

     Чўмилиш кишига ғайрат ва шижоат бахш этади. Ёз мавсуми келгач куннинг иссиқ ҳарорати кишининг чўмилишга бўлган эҳтиёжларини оширади. Шу сабабли нафақат кичик ёшдагилар, балки, ёши катта кишиларни ҳам сузиш ҳавзаларида учратамиз.

    Чўмилиш масаласида доимо ҳушёр бўлиш чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларнинг олдини олади. Келинг, айни дамда сиз билан чўкиш билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор бериш кераклиги, шунингдек, бу борада фойдали бўлган айрим маслаҳатларга тўхталиб ўтамиз.

     Демак, болалар ёки биринчи маротаба сувга тушган катта ёшдагиларни сузишга ўргатиш жойи 60 – 90 сантиметргача чуқурликда бўлиши керак. Бундай чуқурликда одам сувдан чўчимайди, чунки оёғи таянч нуқтага эга бўлади. Очиқ сув ҳавзаларида сузишга ўрганишда, албатта сувнинг чуқурлиги билан бирга, оқим тезлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Оқим тезлиги дақиқасига 10 метрдан ошмаслиги зарур. Ёз ойларида фарзандларимизни сузишга ўргатиш вақтини тўғри танлаш керак. Айрим ота-оналар куннинг иссиқ пайтидагина (соат 13:00-15:00) сузишга ўргатишга ёки чўмилишга рухсат беришади. Аслида эса эрталаб соат 10.00 дан 12:00 гача ва кечқурун соат 17:00 дан 19:00 гача қуёшнинг ультрабинафша нурлари кўп бўлади ва ана шу соатларда чўмилиш жуда фойдали. Чўмилиш муддати 5 дақиқадан 25-30 дақиқагача давом этиши мумкин, унда боланинг ёши, сузишга тайёргарлиги, сувнинг ҳароратига эътибор бериб, сузиш муддати аста-секин ошириб борилади. Ёз пайтлари катта ёшдаги болалар сув ҳарорати +18о бўлганда, кичик ёшлардагилар +20о +28о дан кам бўлмаганда очиқ сув ҳавзаларида чўмилишлари мумкин. Агар сувнинг ҳарорати 16о дан паст бўлса, чўмилмаслик керак. Сувга тушишдан олдин бош, кўкракни ҳўллаб, сўнг шўнғиб олиш даркор.

    Таъкидлаш жоиз айни ёз мавсумида чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар учраб туради. Бундай фожеага асосан ота-оналар, катталар томонидан назорат бўшаштирилгани, маҳалла, мактаб, коллеж, академик лицей ва бошқа хизмат ходимларининг ёшлар орасида тушунтириш ишлари қониқарсиз олиб борилаётгани, шунингдек, болаларнинг суза олмасликлари ҳам сабаб бўлади.

     Шуни эслатиб ўтиш зарурки, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, яъни бирор бир одам чўкса, қутқарув хизмати тезда ёрдамга келади. Чўмилиш жойини чеклайдиган, кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.

     Чўкиш нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолатдир.

     Агар, ниҳоятда чарчаган, сувда узоқ вақт қолиб кетган, ёки қорин оч бўлса, шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилинган, чанқоқ, касаллик сизни безовта қилаётган вақтларда чўмилмаганингиз маъқул.

     Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқиш ҳам катта маҳорат талаб этади. Бунда бир неча қутқариш усуллари мавжуд. Улардан бири – чўкаётган кишига орқа томондан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғи остидан ушлаб, юзини тепага қаратиб, ўзингизни ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш керак. Ҳаракат усулларидан бири жабрланувчининг чангак қучоғидан ушлаб олишдир.

    Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш эса жабрланувчининг аҳволига боғлиқ. Агар у ўз ҳушида бўлиб, юрак фаолияти ва нафас олиши сақланган бўлса, унинг бошини пастга эгган ҳолда қуруқ қия жойга ётқизиш ва шундан кейин ечинтириб, ҳўл ёки қуруқ сочиқ билан артиш керак. Имконияти билан унга иссиқ ичимлик (чой, қаҳва, ёши катталарга 1-2 ош қошиқ спиртли ичимлик ҳам бериш мумкин) ичириб, иссиқ кўрпа билан ўраш ва дам олдириш талаб қилинади.

    Агар жабрланувчининг мустақил нафас олиши йўқолиб, юрак фаолияти сақланиб қолса, унинг нафас йўллари тозаланиб, иложи борича тезроқ сунъий нафас олдиришга киришилади. Вақтида ва малакали кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам жабрланувчининг ҳаётини асраб қолади.

    Айтиб ўтиш керак, айрим инсонлар сув ҳавзаларига спиртли ичимликлар ичиб келишади. Маълумки, спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш натижасида инсон танасини бошқара олмай қолади. Хулоса қиладиган бўлсак, маст ҳолатда чўмилишнинг оқибати эса ўзингизга маълум.

    Экспертиза хулосалари ва таҳлилларига қараганда, сувда чўкиш каби бахтсизлик юз беришига сабаб, аввало, таъқиқланган жойларда чўмилиш, сузишни билмаслик ёки спиртли ичимлик истеъмол қилиш туфайлидир.

    Юқорида таъкидлаб ўтилганидек чўмилиш борасида ҳушёр бўлиш киши саломатлиги ва хавфсизлигининг гаровидир. Шундай экан юртимизда мавжуд чўмилиш ҳавзаларидан фойдаланганда ҳушёр бўлиш, бу борада маълум қоидаларга амал қилиш ҳамда фарзандларимизнинг таъқиқланган жойларда чўмилмаслигини назорат қилиш орқали уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчдир.

 Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларидан фойдаланиб ВИИБ ЮТБ томонидан тайёрланди.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй