МАДАНИЙ ТАДБИР

admin | 28-02-2017 | 15177

МАДАНИЙ ТАДБИР

    ОЧИҚ МУЛОҚОТ ТАРЗИДА ЎТДИ

        Юракдан куйланган қўшиқлар кўнгил ғуборларини ювиб, дилларга хушнудлик бағишлайди. Инсонларни эзгуликка, меҳр-оқибатга ундайди. Тафаккурини, маънавиятини бойитади. Меҳнатга бўлган иштиёқини оширади. Одамларни бир бирларига янада яқинлаштиради. Республикаси ИИВ Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг вилоятлар марказларида ўтказаётган очиқ мулоқот тарзидаги маданий тадбирлари ҳам санъат ихлосмандларининг кўнглидан муносиб жой олмоқда.

            Яқинда Урганч шаҳридаги Огаҳий номли мусиқали драма ва комедия театрида ИИВ Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг концерт дастури намойиш этилди. Тадбирга ички ишлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари таклиф этилди. Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган маданий тадбирни Хоразм вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Ойбек Азимов очиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилаётган ушбу тадбир ўзига хос муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади. Жумладан, ички ишлар ходимлари оддий инсонлар, уларнинг ҳам ота-онаси, оиласи, фарзандлари борлиги, улар юрт осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифада хизмат қилаётган фарзанди ёки турмуш ўртоғининг хизмат жараёнлари, ютуқлари билан хабардор бўлиб бориши, бунда мана шундай маданий тадбирлар муҳим рол ўйнашини таъкидлади.

       Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев, эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Фирдавс Пазлетдинов, Фарход Қамбаров, хонандалар Шерали Бекмуродов, Наргиза Маққулова, Машҳура Эргашева, Сухроббек Ҳамдамов ҳамда созанда Абдулазиз Зокировлардан иборат бўлган ансамбл иштирокчилари ўзларининг жозибадор куй ва қўшиқлари, бетакрор рақслари билан йиғилганларга хушнудлик бахш этишди.

       - Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган ушбу маданий тадбир менда ва оила аъзоларимда катта таассурот қолдирди,-дейди Хоразм вилоят ИИБ 6-тергов ҳисбхонаси ходими, капитан Ғанижон Ёқубов. -Тадбирда мазмунан бой қўшиқлар, жозибадор рақсларни тинглаш ва томоша қилиш билан бирга Ватан, тинчлик, фарзанд тарбияси каби ранг-баранг мавзулардаги шеър ва монологлар ҳам ижро этилди. Айниқса, санъаткорларнинг терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатларнинг олдини олишга бағишланган бадиий чиқишлари томошабинларни янада хушёр ва сергак бўлишга ундади. Энг қизиқарлиси, томошабинларга ижро ва рақс санъати бўйича ўз қобилиятини намойиш этиш имкониятининг берилиши тадбир мазмунини янада бойитди.  

       Тадбирга таклиф қилинганлар мазмунан бой бўлган бадиий репертуар дастури учун республика ИИВ раҳбариятига ҳамда ансамбл санъаткорларига самимий миннатдорлик билдиришди. 

                                                                           Хоразм вилояти ИИБ ходими Р.Бобажанов


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй