Жиноятни фош этишда беғараз ёрдам берган фуқарога қимматбаҳо совғалар топширилди

admin | 12-06-2017 | 15724

Жиноятни фош этишда беғараз ёрдам берган фуқарога қимматбаҳо совғалар топширилди

Фуқароларимизни огоҳликка даъват этувчи учрашувлар, давра суҳбатлари, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, газета ва журналларда кўплаб мақолалар бериб борилмоқда. Аммо шунга қарамасдан баъзи фуқароларимиз бепарволик ва лоқайдликка йўл қўйишмоқда.

Урганч шаҳрида яшовчи Матназаров Ниёзмат 2017 йил 9 июнь куни соат 01:00ларда ўзига тегишли бўлган 2009 йилда ишлаб чиқарилган, 90 А 399 ВА давлат рақам белгили, “Нексия” русумли автомашинасини, шаҳардаги «Ҳаёт» кафеси ёнидаги автотураргоҳда вақтинчалик қўйиб кетаётганида, бепарволик ва лоқайдлик билан калитини ўт олдиргичда қолдириб хатоликка йўл қўйганлигини, жуда кеч, яъни автомашинаси номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилганидан кейин англаб етди.

Урганч шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига автомашина олиб қочилганлиги тўғрисида келиб тушган ҳабардан кейин зудлик билан, вилоят ички ишлар органларининг барча ҳодимлари белгиланган режа асосида тадбирга жалб қилинди.

Олиб қочилган автомашина 2017 йил 10 июнь куни Урганч тумани Шоҳидонлар маҳалласида яшовчи умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчиси Машарипов Жасурбек Сапарбаевич ва унинг отаси Машарипов Сапарбой Рўзимбаевичнинг берган ҳабари асосида, шу маҳалладаги  қурилиши тугалланмаган иморат ёнидан топилди.

2017 йил 12 июнь куни вилоят ИИБда ўтказилган йиғилишда жиноятни фош этишда беғараз ёрдам берган фуқаро Машарипов Сапарбой Рузимбоевичга вилоят ИИБ бошлиғининг Ташаккурномаси, унинг ўғли Машарипов Жасурбек Сапарбаевичга эса қимматбаҳо уяли алоқа телефони топширилди.

Автомашина кўздан кечирилганида, унинг салонидан нархи 500 000 сўмлик автомагнитола ва унинг калонкалари ўғирлаб кетилганлиги маълум бўлди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни Урганч туманининг “Ғойбу” қишлоғида яшовчи, илгари ўғирлик жинояти учун судланган, 1992 йилда туғилган Қ.И. содир қилганлиги маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  “Мусиқасевар автоҳаваскор” Қ.И. энди маълум муддатга автомашина бошқара олмайди, чунки, у эхтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Шу ўринда, олиб қочилган автомашина тўғрисида вилоятимиздаги маҳаллий ва ҳусусий телеканаллар орқали ҳар соатда эълон берилиб борилган бўлсада, қурилиши тугалланмаган ховли жой ёнида 1 сутка қолдириб кетилган автомашинага
шу атрофда яшовчи фуқароларнинг бефарқлигини қандай изоҳлаш мумкин.

Бефарқлик ва лоқайдлик турли салбий ҳолатларга олиб келишини унутмайлик.

       

Майор З.Исмаилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй