ХУШЁРЛИК, ТЕЗКОРЛИК, ЧАҚҚОНЛИК, осойишталигимиз посбонларига хос бўлган ҳислатлардир

admin | 05-02-2017 | 4431

                

ХУШЁРЛИК, ТЕЗКОРЛИК, ЧАҚҚОНЛИК

               осойишталигимиз посбонларига хос бўлган ҳислатлардир

   …Кечки пайт ишдан қайтаётган Чамангул (воқеа қахрамонларининг исми-шарифи ўзгартирилган) автобусдан тушди-ю, тезроқ уйига етиб олиш учун шаҳарча худудидаги янги қурилаётган бинолар орасидан кесиб ўтмоқчи бўлди. Шу пайт рўпарасида нотаниш бир йигит пайдо бўлди ва унинг юз-кўзларига кетма-кет мушт туширди. Чамангул кучли зарбалар таъсиридан ерга йиқилди. Тунги талончи унинг бармоғидаги ҳамда қулоқларидаги тилла тақинчоқларни зўравонлик билан тортиб олиб, кўздан ғойиб бўлди. Чамангул бу воқеадан сўнг анчагача ўзига келолмай ўтирди. Сўнгра юз-кўзлари маматалоқ бўлган ҳолда уйига кириб келди. Хотинини бундай аянчли аҳволда кўрган Каримнинг хавотири ошди ва ундан нима бўлганини сўради. Чамангул йиғлаганча бор гапни айтиб берди. Улар эрта тонг билан Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлимига келишди.

   Воқеадан хабар топган туман ИИБ тергов-тезкор гуруҳи ходимлари зудлик билан ишга киришишди. Муқаддам босқинчилик, талончилик жиноятларини содир қилган шахслар билан якка тартибда суҳбатлашиб чиқилди ва уларнинг ўша кечаси қаерда ва кимлар билан бўлганлиги суриштириб кўрилди. Жабрланувчига уларнинг суратлари кўрсатилди. Аммо ушбу фотосуратлар орасида ўша кимсанинг расми йўқ эди. Туман ИИБ ЖҚ ва УЖҚКГ тезкор вакиллари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда тезкор суриштирув ишларини давом эттиришди. Воқеа содир бўлган худудга яқин жойда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашиб чиқилди. Олиб борилган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида муқаддам бир неча бор судланган янгиариқлик Н. Комил воқеа содир бўлган кун туман худудида юрганлиги аниқланди. Зудлик билан унинг сурати жабрланувчига кўрсатилди. Чамангул суратдаги кимса ўша талончига ўхшаб кетишини, аммо қоронғуда уни аниқ кўролмаганини айтди. Шунингдек, гумонланувчининг ташқи қиёфаси, устидаги кийимлари ҳам жабрланувчининг кўрсатмаларига тўғри келди.

    Изқуварлар зудлик билан Комилнинг изига тушишди. Аммо у туман худудида йўқ эди. Вилоят ички ишлар органларининг соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилди.

   Эртаси куни Урганч шаҳри худудида хизмат вазифасини ўтаётган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони 1-отряд милиционерлари, сафдорлар С. Сотлиқов ҳамда М. Матмуратовлар Н. Комилни далилий ашё билан қўлга олишди.

    Хоразм вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари ўзларига беркитилган худудларда жамоат тартибини сақлаш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали ишларни амалга оширишяпти.

    Ўтган  йил сарҳисобига назар ташласак, ППХ батальони ходимлари томонидан назоратга олинган худудларда турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳамда шубҳа остига олинган 26 минг 806 нафар фуқаролар шахсини аниқлаш мақсадида шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларига олиб борилди. Шундан 358 нафари наркология диспансерига, 261 нафари эса шахсини аниқлаш мақсадида вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ реабилитация марказига жойлаштирилди. Шунингдек, ходимларнинг хушёрлиги туфайли 21 та жиноят фош этилди ҳамда қидирувда бўлган 9 нафар шахс қўлга олинди.

    Келинг, шу ўринда яна бир жиноят тафсилотига тўхталиб ўтсак:

    Урганч шаҳар Ашхобод кўчаси 623-уйда яшовчи, нафақахўр Қурбонжон Рўзметова шаҳар ИИБга мурожаат қилиб, шаҳар марказий деҳқон бозорида номаълум шахс чўнтагидаги нархи 400 минг сўмлик “Артел” русумли уяли алоқа телефонини ўғирлаб кетганлигини билдирган. Вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони бўлинма командири, сержант Б. Абдуллаев ҳамда милиционер, сафдор Ф. Қурёзовлар томонидан олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида ушбу ўғирликни урганчлик И. Ориф содир этганлиги маълум бўлди ва у далилий ашё билан қўлга олинди.

    -Бозор худудининг харидорлар гавжум жойидан ўтаётганимда чўнтагимдан бир нима олингандек бўлди,-дея эслайди Қурбонжон ая.-Дарҳол чўнтагимга қўл солиб кўрдим. Фарзандларим туғилган кунимда совға қилган уяли алоқа телефоним чўнтагимда йўқ эди. Ён-атрофимга қарадим. Шубҳали ҳеч ким кўринмади. Вақтни ўтказмай шаҳар ИИБга бориб, навбатчига бўлган воқеани гапириб бердим. Орадан кўп ўтмай телефоним топилганини, ўғри эса қўлга олинганини айтишди. Бу хушхабардан суюниб кетдим. Мен оила аъзоларим номидан шаҳар ИИБ ҳамда ППХ батальони ходимларига самимий миннатдорлик билдираман. Доимо омон бўлишсин! Касб-коридан барака топишсин!         

  -Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, содир этилаётган жиноятларни тезкорлик билан фош этишда замонавий техника воситалари муҳим аҳамият касб этади,-дейди вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони командирининг ўринбосари, майор Рашид Султонов.-Айни кунда ходимларимизга хизматда фойдаланишлари учун “Нексия”, “УАЗ“ русумли махсус жиҳозланган замонавий тезюрар автомашиналар ҳамда “Isusu” русумли автобуслар берилди. Шунингдек, ходимларимизнинг барчаси аниқ ва тезкорлик билан ҳаракат қилишлари учун энг замонавий алоқа воситалари ҳамда зарур хизмат анжомлари билан таъминланган. Яратиб берилаётган бундай шароитлар натижасида хизмат самарадорлиги ошиб, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши кескин камайишига эришилмоқда.     

    Юрт осойишталигини сақлашда соҳавий хизмат ходимларининг касбий ҳамда жанговар маҳорати муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис, ўтган йилда ППХ батальони маъмурий биноси ҳамда худудида кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бу ерда назорат ўтказиш пункти ва фуқароларни қабул қилиш хонаси, ўқув синфи, спорт ва тринажёр зали, рухий тикланиш хонаси, ётоқхона, ошхона ташкил этилди. Шунингдек, хизмат отлари ҳамда итлари учун қишги ва ёзги отхона ҳамда вольерлар, автомашиналар учун махсус гаражлар қуриб битказилди.

   Шуни фахр билан тилга олиш лозимки, батальонда жисмонан бақувват, руҳан тетик, ғоят маҳоратли ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Улар ўзларининг хушёрлиги, мардлиги, хизмат вазифасига сидқидилдан ёндошаётганлиги туфайли элимизнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлишмоқда.  

              

                                                                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                     журналист

Пост, патруль ва жамоат тартибини сақлаш хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй