ОСОЙИШТАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДАГИ ҲАМКОРЛИК

admin | 04-02-2017 | 13278

     Бунда Қўшкўпир тумани ИИБ ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар маҳаллаларда, жамоат жойларида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, осойишта турмуш тарзини вужудга келтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда қатор профилактик тадбирларни амалга оширишмоқда. Тинч ва осуда ҳаётимизга хавф солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик, одам савдоси, диний ақидапарастлик, уюшган жиноятчилик каби иллатларга қарши кескин кураш олиб бориляпти. Бунда туман худудида ўтказилаётган “Тозалаш-Антитеррор”, “Қорадори”, “Арсенал”, “Паспорт-виза”, “Спитамен”, “Қидирув”, “Тун” каби ўнлаб кенг қамровли профилактик тадбирлар ижобий самара бермоқда. Осойишталик посбонларининг хушёрлиги, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошаётгани туфайли жиноят йўлига кириб қолган нопок кимсаларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари ўз вақтида фош этилмоқда. Ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган бундай тадбирлар натижасида фирибгарлик, одам савдоси, ўғирлик, номусга тегиш, товламачилик каби кўплаб жиноятларнинг олди олиниб, фуқароларнинг тинч ва осойишта яшаши таъминланмоқда. Бу борада ўтган 2016 йил таҳлилига тўхталадиган бўлсак, туман худудида содир этилган умумий жиноятлар аввалги йилга нисбатан 23, 2 фоизга, жиноят қидирув соҳаси бўйича 16, 3 фоизга камайганини кўришимиз мумкин.

    -Гиёҳвандлик ўта хавфли иллат,-дейди туман ИИБ бошлиғи, полковник Ғофуржон Давлатов.-Шу боис, унга қарши курашишни бир сония ҳам тўхтатмаслигимиз лозим. Чунки баъзи кимсалар ўз нафсининг қулига айланиб, ажал уруғи деб таърифланаётган гиёҳвандлик воситаларини экиш, ташиш, сотиш, тарқатиш каби ўта оғир жиноятларни ҳамон содир этишмоқда. Шу боис, ходимларимиз гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний айланишига қарши кескин чоралар  кўришяпти. Келинг, шу ўринда мисолларга мурожаат қилсам:

   Ходимларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари давомида тумандаги Ших қишлоғининг Шихобод маҳалласида яшовчи фуқаролар Ё. Одамбой 1 кило 623 грамм, М. Отабой эса 738 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадини кўзлаб ўз уйида сақлаб қўйганлиги маълум бўлди.

   Худудда фаолият олиб бораётган ички ишлар органи таянч пунктлари профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, маҳалла посбони жамоат тузилмаси сардорлари, диний-маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар билан ўзаро ҳамкорлиги осойишталикни таъминлашда ижобий самаралар бермоқда. Ўтказилган бундай тадбирлар давомида 2 минг 157 та турли ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 56 та жиноят фош этилди. Тергов ва суд идораларидан қочиб юрган 3 нафар қидирувдаги шахс қўлга олиниб, тегишли органларга топширилди. Шунингдек, жойлардаги яраштириш комиссиялари томонидан 317 та оила-турмуш доирасидаги низолар кўриб чиқилиб, 223 та ҳолатда ёш оилаларнинг ажрашиб кетишига йўл қўйилмади ҳамда 94 та ҳолатда қўни-қўшниларнинг нотинчлигига барҳам берилди.

    Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги самарали ишлардан яна бири бу “Жамоатчилик назорати маскан”ларининг самарали фаолият юритаётганидир. Туман худудида мавжуд бўлган 11та “Жамоатчилик назорати маскан”ларида кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани боис, кўплаб жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, маҳаллалар осойишталиги таъминланмоқда.

   Туман худудида барқарор муҳитни таъминлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “Паспорт-виза” тадбири ҳам ўтказиб борилмоқда. Бунда фуқароларнинг паспорт-виза қоидаларига риоя этишини текшириш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар жиддий назорат остига олинган. Ходимларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 113 минг 602 та корхона ва ташкилотларда, муассасаларда, аҳоли хонадонларида текширишлар ўтказилиб, 703 нафар фуқароларнинг паспорт-виза қоидаларига амал қилмаганлиги аниқланди. Туман худудида бўлиш, яшаш ва транзит ўтиш қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун 7 нафар чет эл фуқаролари мамлакатимиз худудидан чиқариб юборилди. Оила аъзолари чет элларга ишлаш учун кетганлиги сабабли 35 та хонадонда ҳеч ким яшамаётгани аниқланди ва бу уйлар маҳалла фаоллари иштирокида муҳрлаб қўйилди. Шунингдек, тадбир давомида жиноят содир қилиб, тергов идораларидан қочиб юрган 2 нафар фуқаро ушланиб, тегишли идораларга топширилди.

   Ёнғинни “тилсиз ёв”, деб бежизга таърифлашмайди. Уни жиловлаш шунчаки осон иш эмас. Ёзнинг жазирама иссиғи-ю, қахратон қишнинг совуқ кунларида ҳам ёнғин ўчирувчиларнинг олов билан олишаётганига гувоҳ бўламиз. Соҳа фидойиларининг бундай жасоратлари туфайли қанчадан-қанча давлат ва фуқароларимизнинг мол-мулклари, энг асосийси инсонлар ҳаёти олов чангалидан қутқариб қолинмоқда. Туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимларининг жойларда олиб борган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида ёнғинлар содир бўлиши камайишига эришилмоқда.

    Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда туман ИИБ ЙҲХГ ходимлари ҳам самарали ишларни амалга оширишмоқда. Хизмат ходимлари томонидан ўтган йил давомида йўл транспорти билан боғлиқ бўлган 15 минг 243 та қоидабузарлик аниқланган бўлиб, шундан 11 минг 930 таси қўпол, 165 таси эса транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик ҳолатидир. Йўл патрул хизмати инспекторлари томонидан аниқланган барча қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириб, тегишли чоралар кўрилди. Такроран қўпол қоидабузарликлар содир этаётган ҳайдовчилар ҳақида ўзлари истиқомад қилаётган қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларига тақдимномалар юборилиб, унинг жойларда муҳокама қилиниши алоҳида назоратга олинган. Айниқса, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилаётган “ЙҲХ кунлари” тадбири йўл транспорти билан боғлиқ бўлган турли қоидабузарликларни аниқлаш баробарида кўплаб ЙТҲларининг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти. Тадбир давомида корхона ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

   Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши фуқароларимизни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг дарду-ташвишларига қулоқ тутиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш, учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш каби муҳим масалалага қаратилган. Буни чуқур ҳис этган туман ИИБ ходимлари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда аҳоли билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга, улар томонидан билдирилган ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор бериб, уни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишяпти. 

   Ўтган йил давомида туман ИИБга 319 та фуқаро мурожаат этган бўлиб, улардан 292 таси ижобий ҳал этилди, 27 та мурожаат ички ишлар органлари фаолиятига тааллуқли бўлмагани учун муаллифларга қайси идора ва ташкилотга мурожаат қилишлари тушунтирилди.

   Туман ИИБ раҳбарияти ходимларнинг касбий ҳамда жанговар маҳоратини ошириш, улар ўртасида маънавий-маърифий, аҳлоқий-тарбиявий, ҳуқуқий масалаларни кенг тарғиб қилиш, уларга аждодларимизнинг бой маданий меросини, жасоратини чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтказилаётган маънавият ва маърифат дарсларига турли соҳаларнинг илғор вакиллари таклиф қилиниб, машғулотларнинг мазмунли, қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтишига эришилмоқда.

   Ходимларнинг хизмат шароитларини яхшилаш мақсадида туман ички ишлар бўлими биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Хизмат хоналари, маърифат ва маънавият зали, навбатчилик қисми, жанговар хизмат тайёргарлиги хонаси зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда 30 ўринли ошхона ташкил этилди. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ихтиёридаги 2та касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари, паспорт бўлинмаси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи бинолари ҳам таъмирдан чиқарилди.

   Хуллас, юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлашдек муҳим вазифаларни амалга оширишда фидойилик билан хизмат қилаётган Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари янги 2017 йилда ҳам янада самарали натижаларни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қилишмоқда. 

                                                                             Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                      журналист

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй