Шудгорда қуйруқ на қилур

admin | 17-07-2017 | 15057

Шудгорда қуйруқ на қилур

Кунларнинг бирида, тулки боласи билан биргаликда шудгор қилинган далада бораётганида, олдидан қўй думбаси чиқиб қолибди. Тулкининг боласи қўй думбасини ейиш учун ташланмоқчи бўлганида, она тулки боласини тўхтатиб, “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деб, буни текшириб кўриш мақсадида, шу орадан ўтиб бораётган бўрини ёнига чорлаб, “Битта қўйни паққос туширдик, фақатгина думбаси ортиб қолди, хохласанг ейишинг мумкин” деганида, бўри орқа-олдига қарамасдан қўйнинг думбасига ташланганида, думбанинг остидаги қопқонга тушиб қолибди.

Урганч шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган С.Азамат ва унинг турмуш ўртоғи, 1972 йилда туғилган А.Гулбаҳор  “шудгордаги думбани” ҳавас қилиб, Урганч туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган И.Ў. томонидан қўйилган “тузоқ”қа тушиб қолишди.

И.Ў. 2016 йилнинг май ойида ўзига олдиндан таниш бўлган эр-хотиннинг ёнига келиб, Хазорасп туманида яшовчи танишида бўрдоқига боқилаётган ҳўкизлар борлигини, шуни сотиб олиб, сўйиб сотишини, ўртадаги фойдани “арра” қилишини, бунинг учун “озгина” пул кераклигини айтиб, уларнинг ишончига кириб, 85 000 000 сўм пулларини олиб кетади.

Фойданинг ярмига шерик бўлишни истаган эр-хотин орадан бир йил ўтса ҳам ўзларининг берган пулини ололмагач, фирибгарнинг “тузоғига” тушганликларини билиб, ички ишлар бўлимига мурожаат қилишди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

                                                                Майор З.Исмаилов, вилоят ИИБ ходими  


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй