Муомала маданияти инсон ҳулқ-атворининг асосий мезонидир

admin | 19-07-2017 | 11292

 

 

ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ИЧКИ  ИШЛАР  ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

 

Ички ишлар органлари ходимларининг муомала маданиятини
ошириш чоралари тўғрисида

 

Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ички ишлар органлари ходими тимсолида ўзининг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қилишга ва оғир дамда ёрдам беришга тайёр бўлган ҳимоячисини кўриши ҳамда ўзининг хавфсизлиги таъминланганлигини ҳис қилиши зарур.

Ички ишлар органларининг бу борадаги фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек ходимлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципига ҳар томонлама ва тўлақонли амал қилишларини таъминлаш ҳамда ходимларнинг муомала маданиятини яхшилаш ва уларнинг бу борадаги шахсий жавобгарлигини ошириш мақсадида буюраман:

  1. Белгилаб қўйилсинки:

муомала маданиятига риоя этиш ички ишлар органлари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади;

ички ишлар органига ёки аниқ бир ходимга мурожаат қилган ҳар қандай шахс зудлик билан қабул қилиниши ва эътибор билан тингланиши шарт;

ички ишлар органларининг барча даражадаги раҳбарлари ўз ходимларини қўполлик
ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашлари, ўзаро
ва фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларига қатъий муносабат билдиришлари ҳамда хулқ-атвор ва муомала маданиятлари билан ўзлари шахсий намуна кўрсатишлари зарур.

  1. Ички ишлар органлари ходими:

ҳар доим аҳоли кўз ўнгида эканлигини ҳамда ички ишлар органларининг обрўси унинг хулқ-атворига ва хатти-ҳаракатларига бевосита боғлиқ эканлигини ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиш аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришини ёдда тутиши;

фуқаролар билан хушмуомала бўлиши, уларнинг мурожаатларига холисона
ва виждонан ёндашиши, айниқса, болалар, аёллар ва қарияларга алоҳида эътибор қаратиши;

ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир инсон шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини ёдда тутиши ва айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;

фуқаролар билан мулоқотда сансалорликка йўл қўймаслиги ҳамда бевосита
ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган мурожаатлар юзасидан фуқароларни тегишли раҳбар ёхуд малакали масъул ходим билан боғлаши;

ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) фуқарога биринчи навбатда ўзини таништириши, унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, унинг чақирилиши ёхуд йўлда тўхтатилиши сабабларини тушунтириб бериши, унинг савол ва тушунтиришларига нисбатан эътиборли бўлиши, унга тааллуқли масалага оид қонун ҳужжатлари нормаларини таништириши, башарти фуқаро такроран чақирилган ҳолларда уни зудлик билан қабул қилиши ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилганлиги учун миннатдорлик билдириши зарур.

  1. Қуйидагилар қатъиян ман этилади:

ўзини фуқаролардан устун қўйиш, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ёки қўполлик қилиш, ёлғон гапириш ёхуд бошқа асоссиз баҳоналар билан уларни чалғитиш;

фуқароларни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар ва муомалага (ҳақорат қилиш) йўл қўйиш, уларга нисбатан қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатиш ёки шундай куч ишлатиш билан қўрқитиш;

жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқишдан бўйин товлаш ёки кўриб чиқишни асоссиз рад этиш;

хизмат зарурати билан ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш;

хизматни олиб бориш вақтида, шунингдек хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш.

  1. Ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг муаммосини атрофлича ўрганиш ва ўз ваколати доирасида қонуний ҳал этиш ҳар бир ходимнинг хизмат бурчи эканлиги кунлик ўтказиладиган йўриқномаларда ҳамда ходимлар билан ўтказилаётган якка тартибдаги суҳбатларда мунтазам равишда таъсирчан йўллар билан тушунтириб борилсин.
  2. Ушбу буйруқ талаблари ҳар бир ходимга етказилсин ва буйруқдан кўчирма ички ишлар органлари биносининг кўриниб турадиган жойига жойлаштирилсин.
  3. Мазкур буйруқ «Postdа» газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
  4. Ушбу буйруқ ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг барча ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқлари зиммасига юклатилсин.

 

 

Вазир

генерал-майор

А.А. Азизов

 

Тошкент шаҳри,

2017 йил «14» июль,

147-сон

 

 

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй