Талончилик фош этилди

admin | 28-07-2017 | 23719

Талончилик фош этилди

Урганч туманида яшовчи, Шербекнинг (исми ўзгартирилган) ёши 25га қараб бораётган бўлсада, шу кунга қадар бирор-бир касбнинг бошини тутиш у ёқда турсин, бу тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмади. Фақат ота-онасининг қаромоғида яшаб, уларнинг топганини еб, кайфини суриб юраверди. “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди”  деганлари рост экан, бизнинг “қаҳрамон”имиз ҳам пул сўрайвериб, ота-онасининг тинкасини қуритди.

Ҳалол меҳнат қилиб пул топишни ўзи учун энг оғир деб билган ушбу йигит, ўғирлик, талончилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритишни режалаштириб, 2017 йил 24 июль куни Урганч шаҳрига келади.

Ўзининг қинғир ишини амалга ошириш учун шаҳар кўчаларида тентираб юрган  Шербек пиёдалар йўлакчасида бораётган, Урганч шаҳрида яшовчи, Қ.Дилрабога ташланиб, бўйнидаги нархи 2 000 000 сўм бўлган тилла занжирини олиб қочади.

Талончини қувиб ета олмаслигига кўзи етган Дилрабо Урганч шаҳар ИИБга мурожаат қилди. Бу орада ўз “ўлжа”сини осонгина қўлга киритганидан мағрурланган Шербек, ҳақиқий нархи 2 000 000 сўм бўлган тилла занжирни танишига 1 000 000 сўмга сотиб, ушбу пулларни маишатга сарфлаб  юборишга ҳам улгурди. “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг” деб шуни айтсалар керакда.

Шербек ўзининг ножўя қилмиши фош бўлмаслигига ишониб, ўзини шердек мағрур бўлиб юрган бир пайтда, Урганч шаҳар ИИБга таклиф қилиниб, тезкор ходим томонидан ўтказилган суҳбат жараёнида келтирилган далиллар олдида, шерлигидан асар ҳам қолмасдан, ўз айбига иқрорлик билдирди.

Арзон-гаровга сотилган, ашёвий далил ҳисобланган тилла занжир қайтарилди.

Шу ўринда, турли буюмларни арзон-гаровга сотиб олувчи фуқароларга қарата “Арзон мол татимас” деган нақлни эсдан чиқарманг деймиз.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

                                             Майор З.Исмаилов, вилоят ИИБ ходими

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй