Жаҳондаги нуфузли ташкилотларнинг маълумотларига қараганда, дунё мамлакатларида ноқонуний даромад топиш борасида, одам савдоси билан шуғулланувчилар, гиёҳвандлик моддалари ва ноқонуний қурол-яроғ савдоси билан шуғулланувчилардан кейин учинчи ўринда туришлари қайд этилади.
Мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш борасида идоралараро комиссия тузилган бўлиб, бу борадаги профилактик ва тезкор ишлар узвий равишда олиб борилмоқда.
Шунга қарамасдан кам бўлсада, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир қилишга уринаётган ёки содир қилган шахслар учрамоқда.
Урганч туманида яшовчи, 1988 йилда А.И. ҳам одам савдоси каби жирканч жиноят орқали бойлик орттиришни режалаштирди.
У ўзининг қабиҳ режасини амалга ошириш учун Россия Федерациясидаги таниши билан жиноий тил бириктиради. Келишувга кўра у Ўзбекистондан Россия Федерациясига юборган ҳар бир қиз учун 50 АҚШ доллари олиши керак эди.
“Одамфуруш” 2017 йил 25 июль куни Урганч тумани ҳудудида 20-22 ёш оралиғида бўлган уч нафар қизларни, “Волгаград шаҳридаги ишлаб чиқариш цехида ишлайсизлар”, деб алдаб, аслида фоҳишалик билан шуғулланишлари учун мажбурлаш мақсадида Хоразм вилояти ҳудудидан олиб чиқиб кетаётганида вилоят ИИБ тезкор ходимлари томонидан блок-постда ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.