Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш

admin | 24-01-2017 | 2502

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги №54-сонли қарорига мувофиқ транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш

 

ТАРТИБИ

 

- Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак (5-банд):

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортик бўлган (хайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар - бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили хам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташкари) - икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортик бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси - шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

ЙҲХ бошқармаси органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди, мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилганлардан ташкари.

- Мазкур Низомнинг 5-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:

биринчи марта - 1 март - 30 июнда;

иккинчи марта - 1 сентябрь - 31 октябрда ўтказилади.

- Юридик шахсларга карашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март - 30 июнда ўтказилади.

- Жисмоний шахсларга карашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги        1 январь - 31 августда ўтказилади.

Транспорт воситаси техник кўрикка белгиланган муддатлардан олдин тақдим этилиши мумкин. Ушбу ҳолда транспорт воситасини техник кўрикка тақдим этиш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор транспорт воситаси эгаси - юридик ёки жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ЙҲХ бошқармасининг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан қабул қилинади.

- Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун (мототранспорт, тиркамалар ва ярим тиркамалардан ташқари) энг кам ойлик иш хакининг ўндан бир қисми миқдорида йиғим ундирилади.

Мазкур Низомнинг 5-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалари иккинчи марта техник кўрикдан ўтказилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Мототранспорт, тиркамалар, яримтиркамалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирмадан бири миқдорида йиғим ундирилади.

Биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган микдорларда йиғим ундирилади.

Техник кўрик ўтказилганлиги учун йиғим суммаси Республика бюджетига ўтказилади.

 

ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 

- Техник кўрик транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган (вақтинча рўйхатдан ўтказилган) жойда:

зарур шарт-шароитларга (техник диагностика ускуналарига, кўтариш мосламаларига ёки қараб чиқиш учун чуқурчаларга, назорат-ўлчаш асбобларига, асфальт ёки бетон қопланган бир текис горизонтал майдончага) ва малакали мутахассисларга эга бўлган ташкилотларда;

техника хизмати кўрсатиш станцияларида;

ЙҲХ бош бошқармасининг диагностика станцияларида;

ЙҲХ бош бошқармаси органлари томонидан ўрнатилган техник назорат постларида ўтказилади.

Юридик шахсларнинг транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойлари ЙҲХ бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланади.

Ташкилотларда техник кўрик бошлангунга кадар барча диагностика аппаратлари текширилиши ва иш холатига келтирилиши зарур.

- Техник кўрикни ташкил этиш жадвал тузиш билан режалаштирилади, жадвалда техник кўрик ўтказиш жойи, санаси ва вақти, кўрикка қўйилаётган транспорт воситалари сони тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Жадвал юридик шахсларнинг буюртманомалари ва диагностика станцияларининг техник имкониятлари, об-ҳаво-иқлим, ишлаб чиқариш шароитлари ва бошқа шароитлар хисобга олган холда ЙҲХ бош бошқармаси ҳудудий органлари томонидан тузилади.

- Юридик шахсга техник кўрик ўтказиладиган муддатлар тўғрисидаги билдиришнома юборилади, унга транспорт воситалари гуруҳлари техник кўрик далолатномаси бланклари илова қилинади. Техник кўрик далолатномалари бланкалари талаб этиладиган маълумотлар кўрсатилган холда (техник холат тўғрисидаги маълумотлардан ташқари) транспорт воситалари рўйхатига мувофиқ тўлдирилади. Транспорт воситалари гуруҳининг техник кўриги далолатномасида кўрсатилган транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар ЙҲХ бош бошқармасининг тегишли органларида ҳисобга олиш маълумотлари билан таққосланади.

- Бошқа юридик ёки жисмоний шахсларга ижарага берилган транспорт воситалари ижарага берувчида ёхуд улар вақтинчалик рўйхатдан ўтказилган жойдаги ЙҲХ бошқармаси органларида ижарага берувчи учун белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтади.

- Техник кўрик бошланишидан камида ўн кун олдин юридик шахс ЙҲХ  бошкармасининг худудий органига куйидаги хужжатларни такдим этади:

юридик шахснинг раҳбари, бош бухгалтер (бош бухгалтер функциясини бажарувчи шахс) томонидан имзоланган, юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган техник кўрик далолатномасининг бир нусхаси;

техник кўрикдан ўтказганлик учун йиғимнинг белгиланган суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириғи, квитанция);

мукаммал таъмирлашда, хизмат сафарида бўлган, ижарага берилган ёки сотишга кўйилган транспорт воситалари сонини тасдиқловчи маълумотлар.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТЕГИШЛИ ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

 

- Техник кўрик транспорт воситалари рўйхатдан ўтказиладиган (вақтинча рўйхатдан ўтказиладиган) жойдаги:

техника хизмати кўрсатиш станцияларида;

ЙҲХ бошқармасининг диагностика станцияларида;

ЙҲХ бошқармаси органлари томонидан белгиланган техник назорат постларида;

транспорт воситаларининг техник холатини текшириш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган жамоавий гараж ҳудудида, автомобиллар тўхташ жойларида ўтказилади.

- Транспорт воситаларининг техник кўриги ўтказиладиган жой ЙҲХ  бошқармаси органлари томонидан белгиланади.

- Техник кўрикдан ўтказиш учун транспорт воситаси эгаси ёки унинг ваколатли шахси томонидан куйидаги хужжатлар кўрсатилади:

паспорт ёки шахсни тасдикловчи бошка хужжат (харбий хизматчилар - шахсий гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома; Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлигида аккредитация килинган хорижий ташкилотлар ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлигида ёки Адлия вазирлигида белгиланган тартибда аккредитация килинган тўғрисида белги қўйилган аккредитация карточкалари ва миллий паспортлари; бошқа хорижий фукаролар - ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилган миллий паспортлари ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш рухсатномаси; фуқаролиги бўлмаган шахслар - Ўзбекистон Республикасида яшаш рухсатномаси);

техник кўрикдан ўтказишга берилган транспорт воситасига мувофиқ тоифадаги транспорт воситасини бошқариш хуқуқига эга бўлган хайдовчилик гувоҳномаси;

транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома (техник паспорт, техник талон);

транспорт воситасини бошқаришга яроқлилик тўғрисида белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома;

Қуйидаги хужжатлар тақдим этилади:

техник кўрикдан ўтиш учун белгиланган йиғим суммаси тўланганлигини тасдиқловчи хужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция);

техник кўрикдан ўтказиш шохобчасининг транспорт воситасининг техник холати тўғрисидаги маълумотномаси - шундай маълумотнома бўлганда.

- Эгасининг йўқлиги ёки касаллиги оқибатида техник кўрикдан белгиланган муддатларда ўтказилмаган транспорт воситалари эгаси кайтиб келгандан ёки соғайгандан кейин 10 кун мобайнида техник кўрикдан ўтказилади.

 

Қўшимча маълумотлар зарур бўлган тақдирда Вилоят ИИБ ЙҲХБнинг
(0-362)22-5-60-05 рақамли телефонига қўнғироқ қилиш мумкин.

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй