Ов қуроли олиш тартиби

admin | 05-02-2017 | 2080

Авваламбор ҳар бир фуқаро ўзига ўқ-отар ов қуроли сотиб олмоқчи бўлса биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси фуқароси 21 ёшга тўлган бўлиши ҳамда овчилар ва спорт жамиятига аъзо бўлмоғи лозим.

Ўқ-отар қуролни сотиб олиш учун рухсатнома Ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси томонидан 3 ой муддатга берилади. Рухсатнома олиш учун шахс ўз фуқаролик паспорти ва овчилик билетини тақдим қилиши лозим. Белгиланган муддат давомида фойдаланилмаган рухсатнома ИИБга қайтарилиши шарт.

Овчилик ўқ-отар қуроли сотиб олиш учун ИИБга қуйидаги хужжатлар тақдим қилинади.

- ИИБ бошлиғи номига ўқотар қуролни сотиб олиш учун рухсатнома сўраб ариза,

- овчилик ва балиқчилик жамиятига аъзо бўлганлиги ҳақида овчилик билети, (аъзолик бадаллари тўлаган ҳолда),

- 3х4 хажмдаги 4 дона расм,

- яшаш жойидан маълумотнома, тавсифнома ва оилавий аҳволи тўғрисида маълумотнома,

- иш жойидан маълумотнома ва тавсифнома,

- вилоят рухий касалхонаси ва норкология диспансеридан ўзини текширтирилганлиги ҳамда ҳисобда бор ёки йўқлиги тўғрисида маълумотнома,

-профилактика инспектори томонидан унга нисбатан билдирилган тавсифномаси,

 

Қуйидаги холларда фуқароларга ўқ-отар ов қуроли сотиб олишга  рухсат қилинмайди:

- Фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса,

- Ов қўроли сотиб олмокчи бўлган шахс 21 ёшга тўлмаган бўлса,

- Овчилар ва балиқчилар спорт жамиятига аъзо бўлмаса,

- Соғлиқни сақлаш органлари рўйхатида турган рухий касалларга,

- Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилувчи, гиёҳвандлик, психотроп ёки ақл-идрок ва иродага таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилувчи шахсларга,

- Ўқотар қурол ва портловчи моддаларни қўллаган ҳолда жиноят содир этган шахсларга,

- Қасддан жиноят содир этганлиги учун озодликдан махрум этилган шахсларга,

 - Диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун судланган шахсларга,

 - Диний экстремистик ташкилотлар билан боғлиқ фаолияти учун махсус ҳисобда турган шахснинг оила аъзоларига ёки салбий ижтимоий (ички оилавий) муҳит муносабати билан профилактик хисобда турган шахсларга,

- Ички ишлар вазирлигининг 2001 йил 20 августдаги 226-сонли буйруғи (5.22-банд)га мувофиқ юқоридаги кўрсатилган ҳолатлардаги фуқароларга қуролни сотиб олиш, сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар берилмайди, берилганлари бекор қилинади ва қайтиб тикланмайди.

- Ўқ отар қуроли ва ўқ дориларни хона деворига осиб қўйиш мумкин эмас. Қуролни шахсий доимий яшаш жойидан бошқа жойларда, (дача, гараж, сарой, вагончик, чердак ва бошқа шундай жойларда) сақлаш қатъиян ман қилинади.

Фуқароларга қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи фақатгина “Ов қилиш ҳуқуқи билан” рухсат этилади ва “Ов қилиш ҳуқуқисиз” қуролга эгалик қилишга рухсат этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2001 йил
20 августдаги 226-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқноманинг
5.23-5.24-бандларида овчилик жамияти аъзолигидан чиқиб кетган фуқароларнинг қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар хулосалар билан бекор қилиниб, бундай фуқароларнинг қуроллари мажбурий тартибда ИИБга оилиниб қўйилиши, кейинчалик овчилик дўконларига сотувга қўйилиши ёки қуролни сотиб олишга ички ишлар идораларининг рухсатномасига эга бўлган шахсларга сотилиши ёҳуд совға қилиниши белгиланган.

Текшириш давомида мавжуд бўлган маълумотлар асосида ўқ-отар қуролига эга бўлган шахсларни қуролларини сақлаш ва фойдаланиши текширилади, қариндошлари, қўшнилари билан суҳбатлашилади.

Ўқ-отар қуролига эга бўлган фуқароларни қуролларини сақлаш ва улардан фойдаланишини текшириш хар чарокда бир маротаба қилиб белгилаб қўйилган. Текшириш вақтида асосий эътиборни қуролнинг мавжудлиги ва техник холати, уни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатнома ҳамда овчилик жамиятиниг аъзолик билети мавжудлиги, рақамлари ва амал қилиш муддатлари ўтиб кетмаганлиги, қуролнинг русуми, калибри ва рақами рухсатномада кўрсатилганларига мувофиқ келиши, қурол-яроғлар фақатгина фуқароларнинг доимий яшаш жойларида, ўқланмаган, бўлакланган ва ғилофга ўралган, ўқ-дорилардан алоҳида темир сейфда қулфланган, шунингдек қурол ва қурол сақланадиган сейфнинг калитлари ишончли тарзда бегона шахс ёки ёш болалар эгалик қилишига йўл қўйилмайдиган ҳолда (шахсан қурол эгасидан ёки хуфёна белгиланган жойларда) сақланаётган бўлиши лозим.

 

Ўқотар қурол ва ўқ-дорлар билан боғлиқ қоидаларни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган жавобгарлик турлари

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220-моддаси – “Ўқотар қурол ва ўқ-дориларни сақлаш ва ташиш қоидаларини бузиш”

Қурол сақлашга ички ишлар органлари рухсати бўлган фуқароларнинг ўқотар қуроллари ва ўқ-дориларни сақлаш ёки ташиш қоидаларини бузиш-энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмигача миқдорида жарима солишга ёки ҳақини тўлаб шу қуроллар ва ўқ-дориларни олиб қўйишга сабаб бўлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 221-моддаси – “Ўқотар қуролларни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) муддатларини ёки уларни ҳисобдан ўтказдириб қўйиш қоидаларини бузиш”

Ўқотар қуролни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) юзасидан белгиланган муддатларни ёки истиқомат жой ўзгарган тақдирда бундай қуроллар ички ишлар органларида ҳисобдан ўтказдириб қўйиш қоидаларини бузиш-энг кам иш ҳақини ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Қурол сақлаш қоидасининг талаби бўйича қурол эгаси қўйидагиларга амал қилишга мажбур:

- Қуролни эшик ва деразалари мустаҳкам беркитиладиган хонада қисмларга ажратилган ҳолда қулфланадиган махсус сейфига;

- Қуролни бошқа шахсларга бериб турмасликка ёки уларникида сақламасликка;

- Қурол йўқолган ёки ўғирланган ҳолларда, яшаш жойи ўзгарган ҳолларда зудлик билан ИИБ га хабар қилишга;

- Қуролни сақлаш ёки ундан фойдаланиш бўйича камчилик аниқланганда 3 нусхадан иборат далолатнома тузилади ва 1 нусхаси қурол эгасида қолади, қолган 2 нусхаси ИИБ бошлиғи қоидабузарни маъмурий жавобгарликка тортиш учун тақдим қилинади;

- Овчилик билетида тўлов бадалини муддати ўтиб кетганлиги доимий равишда қоида бузиб ножуя ҳаракат қиладиган (майда безори ва бошқалар) руҳий касалликка чалинган спиртли ичимликка берилган шахслардан ўқ-отар қуроли тортиб олиниб қонуний чора кўрилади.

- Текширувчилар шахслардан олинган қуролни тортиб олаётганларида эҳтиёт чораларини кўришлари керак.

 

Ноқонуний сақланаётган қуролларни топширишлари тўғрисида

Фуқаролар томонидан сақланаётган ноқонуний ўқ-отар ов қуроллар ва портловчи моддаларни аниқлаб олиш юзасидан хар йили вилоят худудида кенг камровли «Арсенал» тадбири ўтказилади. Тадбирнинг ўтказишдан максад:

Жиноятчиликни олдини олиш, турли қонунбузарликларга қарши курашни кучайтириш борасида ички ишлар идоралари бошқа хуқуқни муҳофаза қилиш, маҳаллий хукумат ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари, маҳалла фаоллари, «Маҳалла посбонлари», «Чегара посбонлари» жамоат тузилмалари, корхона, ташкилот ва муассасалар маъмурияти билан биргаликда амалга оширилади.

-  ўқ-отар қуролларни тайёрлаш учун техник ускуналарга эга бўлган ишлаб чиқариш корхоналарида ва фуқаролар яшаш жойларида ноқонуний равишда ясама ўқ-отар ва ўқ-дори, портловчи модда ва материалларни ясаш учун мосламаларни тайёрлаш холларини ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва тортиб олиш,

- фуқароларда ноқонуний равишда сақланаётган ҳамда МДХ ва чет эл мамлакатларида республика худудига ноқонуний тарзда олиб кирилаётган ўқ-отар қурол, ўқ-дори, портловчи модда ва материалларни аниқлаб тортиб олиш;

Шуни алохида такидлаб ўтишим лозимки, аҳоли орасида ўқ-отар қурол, ўқ-дори, портловчи модда ва материалларни ноқонуний равишда сотиб олган ва сақлаётган фуқаролар томонидан ички ишлар идораларига ўз хохиши билан топширган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

 Агарда уйида бўла туриб ушбу ички ишлар рўйхатида бўлмаган қуролни ички ишлар идоралари ходимлари аниқланган тақдирда ушбу ов қуролини уйида сақлаб қўйган фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖҚнинг
248 моддаси тартибида жавобгарлик белгиланади.

 

Агарда ушбу хизматлар юзасидан қўшимча маълумотлар зарур бўлган тақдирда Вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБнинг 22-4-52-01 ёки 22-4-52-16 рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин

Пост, патруль ва жамоат тартибини сақлаш хизмати


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй