Эҳтиёт бўлинг фирибгар!

admin | 20-06-2017 | 13936

Эҳтиёт бўлинг фирибгар!

Вилоятимиз аҳолиси бозорлар ва истироҳат боғларида тиламчилик билан шуғулланаётган шахсларга пул беришга одатланиб қолишган.

 Бугунги кунда юқоридаги айрим “тиламчи”лар хонадонма-хонадон юриб, тиламчилик қилишдан ташқари, ўзларини “буюк башоратчи, фолбин,  сеҳр-жодуларнинг кучини қайтарувчи” деб кўрсатиб, соддадил ҳалқимизни ишончига кириб, “гўёки уларни келажакда турли бало-қазолар кутиб турганлиги билан қўрқитиб, бало-қазоларни олдини олишлари мумкинлигини айтиб” турли қимматбаҳо буюмларини, кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунингдек “устамон тиламчилар” очиқ қолган хонадонлардан ўғирлик қилишдан ҳам тап тортмайдилар.

Сўзимизнинг исботи тариқасида, Гурлан туманида содир бўлган ҳодисани келтириб ўтамиз.

Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган О.Э. 2017 йил 9 июнь куни Гурлан тумани Янгиаср махалласида “тиламчилик” билан шуғулланиб юриб, шу маҳаллада яшовчи 1950 йилда туғилган Ш.Абдуллаеванинг уйига кирганида, Ш.Абдуллаева ва унинг қизи 1985 йилда туғилган М.Юлдашеваларнинг соддадиллигини кўриб, қувониб кетди. У ўзини жонкуяр кўрсатиб, “Сизнинг уйингизда дуо бор, агарда ушбу дуо йўқ қилинмаса, ўғлингиз ароқхўр бўлиб кетади, келинингиз вафот қилади, бу дуони фақат тилла билан қайтариш мумкин” деб алдаб, она-боланинг қулоғидаги нархи 1 200 000 сўмлик икки жуфт тилла зиракларини қўлга киритиб, Қашқадарё вилоятига қараб равона бўлган.

“Жонкуяр фолбин” билан бўлиб ўтган жараённи қўшнилари ва қариндошларига сўзлаб берган она-бола, ўзларининг алданиб қолганликларини англаб етиб, мол аччиғида ички ишлар бўлимига қараб чопишди.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, фирибгарлиги фош этилган фолбинга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шу ўринда фуқароларимизга фирибгарларнинг турли найрангларидан эҳтиёт бўлинг, деймиз.

                               

Майор З.Исмаилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй