Паспорт тизими қоидалари ҳақида

admin | 24-01-2017 | 1749

Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг асосий вазифаларидан бири жамоат тартибини сақлаш ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган Паспорт тизими хам ана шу вазифалар тизимига киради.

   Паспорт тизими - Ўзбекистон фуқаролари шахсини тасдиқлайдиган паспортларни бериш ҳамда аҳолини ҳисобга олиш, унинг мамлакат ҳудудидаги харакатларини тартибга солиш, конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқларини амалга оширилишини, фуқаролар ўз бурчларини бажаришларини таъминлаш, жамоат тартибини ва давлат хавфсизлигини муҳофаза қилиш мақсадида аҳолини истиқомат жойида рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш тартибини белгилаб берадиган ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборат.

   Паспорт тизимини таъминлаш-бу ички ишлар идораларининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари , мансабдор шахслар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан паспорт қоидаларига, республикага кириш-чиқиш, бўлиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан транзит ўтиб кетиш фаолиятидир.

   Паспорт тизими бўйича текширувлар фуқаролар турар-жойлари, хонадонлар, умумий ётоқхоналар, меҳмонхоналарда соат 6-00 дан 22-00  гача ўтказилади.

 

Паспорт тизимини бузганлик учун қўлланиладиган жазо чоралари

223-модда. Паспорт тизими қоидаларини бузиш

   Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши 

энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 

энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
   Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,

энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
 

223-1-модда. Паспортдан ғайриқонуний фойдаланиш

   Фуқароларнинг йўқолганлиги тўғрисида ўзлари ариза берган ўз паспортларидан, шунингдек бошқа фуқароларга тегишли бўлган паспортлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши -

энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
223-2-модда. Ишга қабул қилишда паспорт тизими қоидаларини бузиш

   Паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш 

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
223-3-модда. Фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш

Фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки паспортларни гаровга олиш

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
224-модда. Чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш

   Чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш 

энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
   Чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга киришга ҳамда уларда яшашга оид қоидаларни бузган фуқароларнинг бундай жойларда яшашига йўл қўйиш 

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 

225-модда. Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш

  Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги

энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
    Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларида назарда тутилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилиш тартибининг мансабдор шахс томонидан бузилиши

мансабдор шахсга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
    Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни хусусий иш билан Ўзбекистон Республикасига таклиф қилган фуқаро томонидан мазкур фуқароларнинг вақтинча пропискадан ўтишларини, шунингдек улар шу ерда бўлишининг белгиланган муддати ўтгач чиқиб кетишларини таъминлашга мазкур фуқароларнинг вақтинча пропискадан ўтишларини, шунингдек улар шу ерда бўлишининг белгиланган муддати ўтгач чиқиб кетишларини таъминлашга доир чоралар кўрилмаслиги, шунингдек уй-жой, транспорт воситалари бериб қўйилиши ёхуд бошқа хизматлар кўрсатилиши, агар бу Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларининг бузилишига олиб келиши олдиндан аён бўлса,

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Паспорт-виза фаолияти


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй