Қарор ижроси таъминланмоқда

admin | 29-09-2017 | 9802

Қарор ижроси таъминланмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида тумандаги 39 маҳалла фуқаролар йиғини тўрт секторга бўлиниб, ҳудудларга туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари раҳбар этиб белгиланган. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш бўйича тасдиқланган низомга кўра, тўрт секторга аҳолининг энг муҳим масала ва муаммоларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилди, масъулият ва жавобгарлик оширилди. 

Ҳар бир сектор бўйича масъуллар таркиби, секторлар фаолиятини назорат қилиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари, мувофиқлаштирувчи штаблар ташкил этилган. Секторлар фаолиятида уй-жой, коммунал хизмат, газ, сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ва транспорт қатновини яхшилаш, ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлик, оила ва маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қадамбой Собиров раҳбарлигидаги учинчи секторга "Янгиер", "Қўриқтом", “Ширшоли”, "Пўрсанг", "Арбоблар", "Аччиққуйи" каби 9 маҳалла фуқаролар йиғини бириктирилган. Сектор ҳудудида қарийб 4 минг 310 хонадон бўлиб, 25 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилани ўрганиш бўйича махсус жадвал ишлаб чиқилган. Сектор таркибига жалб этилган масъуллар ҳар куни ана шу жадвал асосида оилаларга, корхона-ташкилотларга, таълим ва тиббиёт муассасаларига кирмоқда. Аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни ўрганмоқда. Масалалар жойида ҳал этилиб, амалий ёрдам кўрсатилаётир. 

– Ҳудудни ҳар куни белгиланган режа асосида айланиб чиқаман. Тегишли сектор бўйича ташкил этилган ички гуруҳ аъзолари ҳам мунтазам равишда хонадонларда, таълим муассасаларида бўлиб, кундалик ахборот етказиб туради, – дейди Қ.Собиров. – Янгиер маҳалласида жойлашган 33-умумтаълим мактаби жуда аянчли аҳволда эди. Ўқувчиларнинг билим олиш шароитини яхшилаш мақсадида тегишли мутасаддиларни жалб қилган ҳолда, мактаб биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Шунингдек, ҳудуддаги кам таъминланган 68 оилага моддий ёрдам, 8 муҳтож оилага дори-дармон воситалари берилди. Аҳолининг иқтисодий шароитини яхшилаш мақсадида ўндан ортиқ тадбиркор фаолияти қайта тикланиб, 20 га яқин иш ўрни яратилди. Бундай самарали тизим фаолиятидан аҳоли беҳад хурсанд. 

Президентимиз ташаббуси билан аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини янада ошириш, турли соҳалардаги муаммоларни жойида ҳал этишнинг замонавий ва самарали механизми йўлга қўйилгани халқимизнинг давлатга, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда. Айниқса, кам таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга арзон уй-жойлар берилаётгани одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. 

– Отам I гуруҳ, онам II гуруҳ ногирони, – дейди Ширшоли маҳалласида яшовчи Қаҳрамон Абдуллаев. – Давлатимиз раҳбарининг эътибори билан яқинда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уйга кўчиб ўтдик. Уйнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўлаб берилди. Бундай ғамхўрликдан, айниқса, ота-онамнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Мен ҳам доимий иш ўрнига эга бўлдим.  

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА муҳбири


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй