Она ўз қизини ўғирликка бошлади

admin | 18-10-2017 | 5597

Она ўз қизини ўғирликка бошлади

Аёл - муқаддас зот, шу сабаб у тўғрисида бирон-бир салбий сўзни айтишга инсоннинг тили бормайди. Она, нафақат фарзандларни дунёга келтириши билан, балки уни тарбиялаб, комил инсон қилиб вояга етказиши билан ҳам келажак давомчиси сифатида эътироф этилади.

Афсуски, гоҳида айрим аёлларнинг қилмишлари тўғрисида эшитганингда, ҳайратдан ёқа ушлайсан.

Шовот туманида яшовчи, 1965 йилда туғилган Ш.И. тез-тез бозорга тушиб туради, “Нима бозорга тушса тушар, у-бу харид қилмоқчидир”- дерсиз. Йўқ у бозордаги савдогарларнинг кўзини шамғалат қилиб, растада турган сотиладиган молларни ўғирлаш пайида бўлади. Ана шундай қилиғи сабаб, 2012 йилда суднинг “қора курси”сига ўтирган бўлсада, бундан ўзига хулоса чиқармасдан, эски ҳунарини кўмсаб, 2017 йилнинг 17 октябрь куни Урганч шаҳрида жойлашган савдо мажмуасидаги  расталарни оралаб қолди. Аянчлиси шундаки, бу сафар у ўзининг жирканч ишига 1995 йилда туғилган қизини ҳам жалб қилди. Олдиндан жиноий тил бириктириб олган она-боланинг бириси сотувчини чалғитиб туриб, иккинчиси растада турган нархи 600.000 сўмлик матони ўғирлаб кетаётганида ушландилар.

Ҳалқимиз “Онасини кўр - қизини ол” деб бежиз айтмаган шекилли.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

майор З.Исмайилов, вилоят ИИБ ходими. 

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй