Бошқарма тарихи

admin | 25-03-2017 | 407

 

ХОРАЗМ МИЛИЦИЯСИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИДАН ҚИСҚАЧА

 

            МАЪЛУМОТЛАР

 

Хоразмда милициянинг ташкил этилиши 1920 йилги воқеалар билан боғлиқ. Худди шу йили 2 февралда Хива хони Саид Абдулла тахтидан туширилади ва Хоразмда муваққат ҳукумат тузилади. Бу ҳукумат томонидан 9 апрелда юстиция нозирлиги ҳузурида милиция бошқармасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бу кун Хоразмда милицияси ташкил этилган кун сифатида тарихга кирган. Милиция бошқармаси (кейинчалик ички ишлар нозирлиги)га  бошлиқ қилиб Назар Шоликоров  тайинланади. Милицияни тузиш ҳақидаги биринчи махсус Низомда унга ходимлар  кўнгилли равишда қабул қилиниши, милиция таъминоти давлат ҳисобидан амалга оширилиши, маошлар биринчи тоифа бўйича тайинланиши, ҳалок бўлган ва иш қобилиятини йўқотган милиционерларнинг оилалари давлат томонидан ижтимоий ҳимояга олиниши белгилаб қўйилди.

Шу йиллари милиция эл тинчлигини таъминлаш бўйича  ўзига юклатилган вазифани шараф билан бажарди. Аҳоли ҳам ўғрилар, чайқовчилар, безорилар ва жиноятчи унсурларни фош этишга яқиндан кўмаклаша бошлади ва унинг сафларида хизматга кўплаб кира бошлади. Хивалик Ҳаким Якубов, Ҳазораспдан Бобожон Атабаев, Урганч шаҳридан Петр Александрович Приданников, Аҳмаджон Ибрагимов, Ражап Рўзметов, Матназар Худайберганов, биринчи аёл милиционер Розия Атажоновалар шулар жумласидандир. Айниқса Розия Отажонова жасорати мақтовга лойиқдир. Аёл бўлишига қарамасдан милиция формасини кийиб эркаклар қаторида аёвсиз жангларда қатнашди. Ғозовот районида эса энг машҳур ва катта олиб-сотар бўлган Яхшимурат Сари деган шахснинг изига тушиб уни ушлашга мувафақ бўлди. Уларнинг хизматлари олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Хоразм милициясига Н.Шоликоровдан кейин Менглихўжа Ибияминов, Машариф Кариев ва бошқалар  раҳбарлик қилдилар. 1923 йилга келиб вилоят милициясининг сони 300 кишига етди. Милиция бошқармаси штатида 4 ходим (бошлиқ, ёрдамчи, кичик инспектор ва иш юритувчи), пиёда милицонерлар 193, отлиқ милиционерлар 63 киши бўлган. Шу жумладан Хива шаҳри ва гарнизонида 104, Гурлан уеъздида 78, Янги Урганч уеъздида 74 нафар ходим бўлган. (ХДА фонд №73, опис 1 хр 12, 151-саҳифа).

1924 йилда Хоразм Халқ Республикасида меҳнат ҳақидаги қонунлар кодекси, жиноят ва жиноятчиликни судлов кодекслари кучга киритилди. Бу кодекслар оммавий-сиёсий ҳаётни бирмунча тартибга солиш ва қонунчиликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Лекин милиция фақатгина жиноятчиликка қарши курашибгина қолмай ўзаро бирлашиб фаолларни ўлдириб, республика ичкарисида тартибсизликларнинг ташаббускорлари бўлган тўдаларга ҳам қарши кураш олиб борди. Масалан, 1924 йил февраль-март ойларида Хонқа, Ҳазорасп, Садувор, Илёли деган жойлардаги ва Тузсултон кўли атрофидаги тўдалар милиция отряди томонидан олиб борилган қонли жанглар натижасида батамом йўқ қилинди.

Хоразм милициясининг фахрийлари Давлатжон Маҳмудов, Сафар Мақсудов, Ражаб Олланазаров, Қодир Бобожонов, Рўзмат Матназаров, Эсон Ашуров, Оллашукур Жуманиёзов, Ражаб Қаландаров, Мамат Қутлиев, Юсуф Шайхов, Жуманиёз Отажонов, Иброхим Холмурадов, Олаберди Қурёзов, Ражаб Рўзметов, Бекчон Бобожонов, Гурлан отлиқ милициясида оддий милиционерликда хизматни бошлаб, республика ички ишлар вазири, генерал-майор унвонигача кўтарилган Юлдош Бобожонов номларини ифтихор билан тилга оламиз.

Бекчан Бобожонов 1925 йилдан 1958 йилгача Шовот туманида одий милицонер вазифасида ишлаган. Қизил Юлдуз ва Қизил Байроқ орденлари “1941-1945 йилллардаги германия устидан қозонилган ғалаба учун” медали, 1952 йилда эса Ленин ордени билан мукофотланган. Шунингдек икинчи жаҳон уруши йилларида биринчилар қатори фронтга отланган милция ходимлари Янгиариқ тумани ички ишлар бўлими ходими Рўзмат Яқубов, Янгибозор тумани ички ишлар бўлимидан участка вакили Қодир Саиджоновлар озодлик учун бўлган жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар. Худайберган Авазов, Абдулла Жуманиёзов, Қурамбой Қутлимуратов, Очил Абдукаримов, Сагит Каримов, Самандар Каримов, Рахимберган Матназаров, Машариф Юсупов, Ахнаф Саматов, Иннокентий Коряковский, Тўра Эшчонов, Иван Лесних, Қурамбой Очилов, Қутлимурод Юлдашев каби милиционерлар эса жанглардаги жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланиб яна милиция сафига қайтдилар.

Лекин уларнинг пешонасига тинч ҳаёт қучоғида ҳам ўлим билан такрор ва такрор юзма-юз келишдек қисмат битилган эди.

Урушдан кейинги йилларда милиция фаолиятини янада ривожлантириш учун кўп ишлар қилинди. Айниқса унинг аҳоли билан ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Иттифоқда биринчи бўлиб қишлоқ жойларида жамоат тартибини сақлаш таянч пунктларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди ва бу ташаббус бутун иттифоқдош республикаларга ёйилди. Хоразм вилоятида барча қишлоқларда ана шундай таняч пунктлари ташкил этилди ва улар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар идоралари ходимларининг энг яқин кўмакдошлари бўлдилар. Шу даврларда асосий эътибор жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилди. Айниқса жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда вояга етмаганлар ўртасида самарали иш олиб борилди.

Жиноятни фош этиш - жиноят қидирув ва тергов органларининг бош вазифаси, бу тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг касб маҳоратини белгиловчи кўрсаткичдир. Вилоятда бу соҳаларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида янги бўлинмалар ташкил этиш, ходимларнинг билимини ошириш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга ДАН (давлат автомобиль назорати), ёнғинга қарши кураш, паспорт, иқтисодий жиноятларга қарши кураш ва бошқа бўлимлар фаолиятини ҳам ривожлантириш чора тадбирлари белгиланди.

Маълумки, ички ишлар идоралари амалий фаолиятининг натижаси кадрлар, уларнинг умумий ва касбий тайёргарлиги, билими ва тарбиясига боғлиқ.

Шунинг учун ҳукумат томонидан қонунчиликни мустаҳкамлаш, фуқаролар хавфсизлиги ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида чиқарилган талаблар ва кўрсатмалар вилоятда изчиллик билан амалга оширила бошланди. Барча ички ишлар идоралари бўлимлари, бўлинмаларида милиция ишини янги поғонага кўтариш бўйича оммавий-сиёсий ва ташкилий ишлар олиб борилди. Милицияга янги қабул қилинган номзодларнинг сиёсий жиҳатдан етук, аҳлоқий пок бўлишига,  ватан ва халқ олдидаги бурчини яхши англашига, шижоатига алоҳида эътибор қаратилди.

 

ХОРАЗМ МИЛИЦИЯСИНИНГ МУСТАҚИЛЛИК

ЙИЛЛАРИДАГИ ФАОЛИЯТИ                 

 

1991 йилда вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этиш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Бу даврда бошқармага полковник Валерий Иванович Лесных раҳбарлик қилаётган эди. Лекин бу тадбирлар ва кўрилаётган чоралар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишига самарали таъсир ўтказа олмади. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эндигина эълон қилинган, одамлар демократияни ҳамма нарсага ижозат берилган деб тушуниб, қуюшқондан чиқиш ҳолатлари рўй бера бошлаган эди. Шунинг учун ҳам ҳуқумат ўзини ўнглаб олгунча ва янги қонунлар қабул қилингунча сабр қилиш, ишни сусайтирмаслик талаб этиларди. Шунда раҳбарият ишни жиддий равишда қайтадан ташкил эта бошлади. Аввало шахсий таркиб сезиларли даражада ўзгарди. Эскича ишлашга кўникиб қолган кишилар лавозимларидан бўшатилди, уларнинг ўрнини пухта танлаб олинган ёшлар эгаллашди. Янги келган ходимларнинг билими ва касбий маҳоратини янада ошириш мақсадида бўлимларда махсус курслар иш бошлади. Ходимлар ўқ ўтиш, қўл жанги бўйича тайёргарликдан ўтишди. Янги ишга кирган ва аввалдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг кўпчилиги ўзларининг фидойилиги билан ўрнак бўлишди.

1992 йил 13 январда Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Шунга ўхшаш ҳукумат қонун ва қарорлари ички ишлар идораларининг бошқа соҳалари бўйича ҳам қабул қилинди. Бу ҳужжатлар ички ишлар идоралари ишини қайта қуриш, жиноятчиликнинг пайини қирқиш, йўл ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга томон қўйилган дастлабки қадам эди. Кўп ўтмай ходимларга маҳаллий бюджетдан олинган “ВАЗ” ва республика Ички ишлар вазирлигидан юборилган “Опель” русумли автомобиллари берилди. Бу автомобиллар қисқа вақт ичида ён томонига давлат байроғи ва герби тасвирлари туширилиб, тепасига янги турдаги маёқчалар ва овоз кучайтигичлар ўрнатилди. Бу ишларнинг бошида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Тўра Холматов турди ва назорат қилиб борди.

Орадан бир йилча ўтмай Хоразмда тартиб-интизом ўз ўрнига тушди. Бу аввало ҳукумат томонидан қабул қилинган қонунлар ва қарорлар билан боғлиқ бўлса, иккинчидан вилоят ИИБга янги тайинлаган бошлиқ Т.Холматов раҳбарлигида олиб борилган амалий тадбирлар натижаси эди.

          Шу билан бирга вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида кенг кўламда қурилиш таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

2000 йилнинг бошларига келиб, вилоятда ички ишлар идоралари тизими, унинг бошқарув тузилмаларини, уларнинг вазифаларини қайта ташкил этиш, модий техника базасини бугунги кун талаблари даражасида бўлиши таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилди. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2001 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги, 2004 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 21 апрельдаги “Криминал, уюшган жиноятчилик, терроризм ва наркотрафикка қарши курашни кучайтириш чоралари тўғрисида”, 2001 йил 7 майдаги “Жиноятчиликка қарши курашда ИИВ тергов бўлинмалари ролини кучайтириш ҳақида”, 2001 йил 18 майдаги “Йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлаш чоралари тўғрисида”, 2001 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасида патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлашни янада такомиллаштириш тадбирлари тўғрисида”, 2001 йил 6 июндаги “Жиноятчиликка қарши курашда Ички ишлар вазирлиги профилактика хизмати ролини кучайтириш тўғрисида”, 2001 йил 25 июнда “Ўзбекистон Республикасида ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари  дастуруламал бўлди.

          Бугунги кунда вилоят ички ишлар идоралари ходимлари ҳуқуқни  мухофаза қилувчи бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, ҳудудда вазиятнинг барқарорлиги, осойишталик, намунали жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларни ўз вақтида фош қилиш, қидирувдаги жиноятчиларни ушлаш, диний экстремистик оқимларга, террорчилик ҳаракатларини содир этишга мойил бўлган ҳамда бедарак йўқолган шахсларни аниқлаш, ёнғин ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича астойдил иш олиб бормоқдалар. Мустақиллик туфайли тизимда ўтказилган ислоҳотлар азалий анъана халқ билан ҳамкорликни кенгайтиришга кенг йўл очди.

Ҳозирги кунда аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳалла посбони” жамоат тузилмалари ташкил этилгани, шунингдек 2001 йилдаги “Милиция таянч пунктлари инфратузилмаси ва ижтимоий кўникмалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги  қарорлари алоҳида ахамиятга эгадир.

Шу ҳужжатларга асосан вилоят ҳудудида 205 та МТПларида 296 нафар профилактика катта инспекторлари ва инспекторлари фаолият кўрсатмоқдалар. Уларга жойлардаги 490 нафар маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, 391 нафар диний маърифат ва маънавият ахлоқий тарбия  масалалари бўйича маслаҳатчилар, 391 нафар “Маҳалла посбони” жамоа тузилмаси рахбарлари ва 2124 нафар жамоатчи посбонлар яқиндан ёрдам бермоқдалар.

2004 йилда Гурлан туманидаги 127-сонли, 2010 йилда Хива туманидаги 71-сонли, 2011 йилда Хазорасп туманидаги 181-сонли милиция таянч пунктлари Республика кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллаб, “Матиз” автомашинаси билан мукофотлангани профилактика хизматига берилган юксак баҳо эди.

Ўтган йиллар паспорт-виза йўналиши бўйича ҳам амалга оширилаётган ишлар кўлами ошди. Президентимизнинг 2009 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ижроси юзасидан фуқароларга сифатли биометрик паспорт расмийлаштириш тизимини яратиш мақсадида бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Паспорт бўлинмалари бинолари биометрик паспортларни ҳужжатлаштириш учун мосланиб қайтадан таъмирланди, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ногирон, имконияти чекланган ва ёши улуғ кишиларга паспорт бериш учун керакли маълумотлар кўчма ускуналар ёрдамида яшаш жойларида тайёрланмоқда. 16 ёшга тўлган йигит-қизларга, шунингдек, олис қишлоқларда яшовчи фуқароларга паспортлар мактабларда ва маҳаллаларда тантанали равишда топширилмоқда.

Қўриқлаш хизматида ислоҳотлар туфайли туб ўзгаришлар ясалди, бўлим бошқармага айлантирилди. Соҳа янги замонавий автомобилларга эга бўлди, 13 та факс, қўриқланаётган объектлар 37 та янги радио алоқа воситалари билан таъминланди. Эскирган биноларни таъмирлашга эришилди.

Шахсий таркибнинг соғлиғини сақлаш, саломатлигини тиклашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят ИИБ Тиббиёт хизмати 2007 йилда тиббиёт бўлимига айлантирилиб, ички ишлар идоралари ходимлари, уларнинг оила аъзолари, фахрийлар, божхона, прокуратура, адлия, солиқ ва суд идоралари ходимларига малакали хизмат кўрсатилмоқда.

1998 йилда ишга туширилган 60 ўринлик шифохона, кунига 250 кишига хизмат кўрсатадиган поликлиника замонавий асбоб-ускуналар, малакали тиббиёт ходимлари билан таъминланган.

Ўтган 20 йилда “Динамо” ЖТ ва СЖ ҳамда шахсий таркиб билан ишлаш хизмати томонидан ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини оширишга эътибор кучайтирилди. Ўтган йилларда 17 нафар спорт устаси, 18 нафар спорт усталигига номзод, кўплаб разрядли спортчилар тайёрланди. Ёш диномачилар спорт секцияси ва тўгараклари МТПлар, маҳаллалар қошларида ҳам ташкил қилиниб, улар ўртасида кўплаб спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Кейинги йилларда хотира турнирларини ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. Ходимлар ўртасида ўтказилаётган спорт байрамлари барчанинг қизиқишларини кучайтирмоқда.

Ўтказилган ислоҳотлар натижасида ҳозирги кунда ёнғин ва табиий офатларни бартараф қилишда жанговар ҳаракатларни олиб борувчи 3 та ҳарбийлаштирилган, 20 та касбийлашган ёнғин хавфсизлиги қисмлари фаолият кўрсатадиган бўлди. Уларнинг 6 таси намунавий лойиха асосида қурилган бинолар бўлиб, қолганлари қайта таъмирланган биноларда жойлашган. Шу даврда 44 та ёнғин ўчириш автомобиллари жорий таъмирланди, 44 тасига янгидан сув сиғимлари ўрнатилди, 19 та турли маркадаги автотранспорт, 42 та Асельсан, 15 та алоқа воситалар олиниб соҳанинг моддий техника базаси мустаҳкамланди, кўплаб турдаги ёнғин ўчириш техникалари ва техник воситалари билан таъминлашга эришилди. Натижада ёнғинларнинг олдини олиш ишлари тубдан яхшиланди. Умумий ёнғинлар сони йилдан йилга камайди, ёнғин натижасида ўлганлар ва тан жарохати олганлар анча қисқарди. Шу даврда ходимлар томонидан бир миллиондан ортиқ турар жойларда текширишлар ва ёнғиннинг олдини олишга оид сухбатлар ўтказилди, профлактик ишлар ташкиллаштирилди.

Ислоҳотлар даврида вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техника базаси тубдан яхшиланди. ЙПХ учун янги махсус автомобиллар, компьютер техникалари олинди. Соҳа тезлик ўлчовчи замонавий “Радар”лар, алоқа воситалари, йўл ҳаракатларини кузатиш воситалари, диагностика ускуналари билан таъминланди. Автотранспорт воситаларини, маъмурий жавобгарликларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, имтихон қабул қилиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш, йўл транспорт ҳодисаларини ҳисобга олиш ва уларнинг таҳлили каби асосий фаолият йўналишларини компьютерлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

          1999 йилда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1999 йилдан ЙПХ бўлинмалари ходимлари янги кийим-бош формасига ўтишди. Соҳада катта кўламда бошланган қурилиш ва таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш давом қилмоқда. Ўтган йилларда Хонқа, Хазорасп, Хива, Урганч туманларида ЙПХ масканлари қад ростлади. Тупроққалъа массивида А-380 сонли Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу халқаро ахамиятидаги автомобиль йўлининг 455-километрида “Тупроққалъа”, “Урганч-Хива” автомобиль йўлида “Қорамон”, “Гурлан-Амударё” автомобиль йўлида “Момокўпир” ЙПХ масканлари замонавий усулда таъмирланиб, янги техника воситалари билан таъминланди.

          “Ласетти”, “Мерседес-бенс”, “Опель”, “Нексия” русумли автомашиналар, “Пентиум-4” русумли компьютерлар, замонавий алоқа воситалари иш самарадорлигини оширишда қўл келмоқда.

 

Бошқарма тарихи


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй