Болалар ризқига "шерик" бўлган фирибгар

admin | 27-04-2018 | 2308

         Болалар ризқига "шерик" бўлган фирибгар

Атоқли адиб Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарида “Етимнинг ҳақи ёмон бўлади, бой ота!” деган ҳаётий ҳикмат битилган. Кекса боғбондан бу гапни эшитган бой ҳар қанча зиқна бўлмасин, етимнинг ҳақидан қўрқиб, инсофга келади ва Қоравой (шум бола)ни рози қилади.

Афсуски, беш қўл баробар эмас. Айрим тоғни урса талқон қиладиган кимсалар етимнинг ҳақидан қўрқиш уёқда турсин, унинг оғзидаги сўнги луқмани тортиб олишдек тубанликдан ҳам қайтмайдилар.

Турмуш ўртоғи билан ажрашиб, 2 нафар вояга етмаган фарзадларини ёлғиз ўзи парваришлаб келаётган, Урганч шаҳрида яшовчи, Ш.Ойнисанинг турмуш ўртоғидан олаётган алимент пулларининг миқдори ошириш ниятида эканлигидан ҳабар топган,  Урганч тумани “Чоткўпир”  қишлоғида яшовчи, 1989 йилда туғилган, Я.Яшнар унга ўзининг ёрдамини таклиф қилади.  

Ойниса Яшнарнинг илгари фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганлигидан хабари бўлганми ёки йўқми, аммо у кўзига “нажот фариштаси” бўлиб кўринди.

Яшнарнинг судга даъво аризаси киритиш йўли билан алимент миқдорини ошириб бера олиши тўғрисидаги ваъдасига ишонган Ойниса унга фарзандлари ризқи бўлган 200 АҚШ доллари ва 200 000 сўм пулларини  бериб юборди.

Навбатдаги ўлжасини осонликча қўлга киритган Яшнар қорасини кўрсатмай кетганидан кейингина Ойниса фирибгарнинг домига тушиб қолганлигини англаб етди ва ички ишлар органларига мурожаат қилди.

Дастлабки суриштирувлар жараёнида Яшнарнинг қилмишлари тўлиқ фош этилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

                             подполковник З.Исмайилов, вилоят ИИБ ходими

 


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй