Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олайлик!

admin | 28-04-2018 | 2004

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олайлик!

Хоразм вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари йўлларда содир этилаётган автотранспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида куну-тун хизмат қилмоқдалар. Автохўжаликларда, кархона, ташкилот ва муасссасаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига доир давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил қилиниб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Содир этилган йўл транспорт ҳодисалари таҳлил қилиниб, бу борада видео роликлар тайёрланиб, вилоятимиздаги барча  телеканаллар орқали эфирга узатилмоқда. Бундан ташқари очиқ мулоқот тарзидаги кўрсатувларда аҳолининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳам инобатга олиниб, бу борадаги қонунчиликни мукаммаллаштириш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Аммо фақатгина ички ишлар органларининг ташаббуси вилоятимиз ҳудудида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун етарли бўлмаяпти.

Бир кун ичида содир бўлган иккита йўл-транспорт ҳодисасида жами тўрт нафар инсон хаётдан бевақт кўз юмди.

Жумладан, 2018 йил 27 апрель куни тонгда Урганч тумани, “Чолиш” посёлкасида яшовчи, 1993 йилда туғилган А.Ш. отасининг номида бўлган “Исузу” русумли юк автомашинасини “Сарапаён” қишлоғи ҳудудида бошқариб бораётиб, 1975 йилда туғилган  А.Қ. ни уриб юборган, дастлабки экспертиза хулосаларига кўра пиёда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги маълум бўлди. У тезлик билан шифохонага етказилган бўлсада, олган тан жароҳатининг оғирлигидан вафот этган.

Шу куни тонгда Питнак шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида эшитганларнинг барчаси бир сесканиб тушди.

Питнак шаҳар “Шехлар” маҳалласида яшаган, 1971 йилда туғилган Э.Ф. “Нексия” русумли автомашинасини “Саримой” ҳудудидан ўтган йўлнинг 457 километрида бошқараётиб, бошқарувни йўқотган ва автомашина йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Натижада автомашина йўловчилари Урганч шаҳрида яшаган, 1951 йилда туғилган Э.М. ва Боғот туманида яшаган, 1991 йилда туғилган, Ғ.Ш. лар ҳодиса жойида вафот этган бўлсалар, ҳайдовчининг ўзи эса шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Автомашинада бўлган яна бир йўловчи, 30 ёшли аёл оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли юртдошлар йўлларда ҳайдовчи, йўловчи ёки пиёда сифатида ҳаракатланаётган пайтингиз хушёрликни сақланг. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг. Бу борада айниқса ҳайдовчилардан тезликни оширмасликларини, мастлик ҳолатида транспорт воситаларини зинҳор бошқармасликларини сўраб қоламиз. Зеро, катта тезлик ва мастлик ҳолати йўл-транспорт ҳодисасининг янада оғир оқибат билан якунланишига сабаб  бўлади.

 Йўл-транспорт ҳодисалари натижасида вафот қилган ҳар бир инсоннинг ортида унинг оиласи, яқинлари фарёд чекиб қолаётганлигини руль чамбарагини ушлаган пайтимизда яна бир бор кўз олдимизга келтирайлик.

Йўлингиз бехатар бўлсин!

                   подполковник З.Исмайилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй