Ўлим сабаби – тиббий ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилмаганлиги

admin | 04-05-2018 | 1799

Ўлим сабаби – тиббий ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилмаганлиги

Халқимиз дуо ўқиганда тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик бўлсин дея тилак билдиради. Бу эзгу ниятнинг замирида чуқур маъно бор. Зеро,  тинч юртда яшайдиган соғлом миллатгина буюк ишларни бажаришга қодир.

Ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб,  бу борада бир қатор қарорлар қабул қилинганлиги ҳам бежиз эмас.  Айни кунларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида шифохоналар янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Беморларга ўз вақтида шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шарт – шароитлар йўлга қўйилди. Юртимизнинг энг чекка ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктлари ҳам марказлаштирилган шифо масканларига айлантирилиб, давр талабига жавоб бера оладиган зарур ускуналар билан жиҳозланди ва у ердаги шифокорлар ҳам вилоят миқёсидаги тиббиёт масканларидан кам бўлмаган қулайликлар яратилмоқда.

Бундан ташқари шифокорларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Буларнинг барчасидан кўзланган асосий мақсад барчамизга аён - халқимизнинг соғлигини сақлашдир.

Афсуски, айрим шифокорлар “Гиппократ қасами”ни бузиб маъсулиятсизликка йўл қўймоқда. Ана шундай маъсулиятсизликлар эса  айрим ҳолларда инсон ўлими билан якун топмоқда.  

2018 йил 5 март куни “Вазир” қишлоғида яшовчи, уй бекаси, 1986 йилда туғилган А. Машарипова вилоят перинатал марказининг жонлантириш бўлимида икки томонлама полисегментар бронхопневманиядан кейинги ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот қилган.

Ушбу ҳолат ўрганилганда Гурлан тумани Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ўз вазифасига бепарволик билан муносабатда бўлганликлари аниқланди.

Маълум бўлишича бемор 2018 йил 10 февраль куни шамоллаш асорати билан туман касалхонасига мурожаат қилади. Бироқ, шифокорлар уни ўз вақтида жиддий текширувдан ўтказиб, ташхис қўйишни пайсалга солишади. Натижада асосий касаллик асорати ўта шиддат билан ривожланиб бемор оғир аҳволда вилоят касалхонасига ётқизилган. Вақт ўтган эди. Малакали шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажага қарамасдан ўттиз бир ёшли аёлнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Гурлан тумани прокуратураси томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси  мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 116-моддаси  3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

                            подполковник З.Исмайилов, вилоят ИИБ ходими


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй