Сифатсиз дори-дармонлар ушлаб қолинди

admin | 16-05-2018 | 82

 Сифатсиз дори-дармонлар ушлаб қолинди

Сифати кафолатланмаган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари инсон учун энг азиз неъмат – сиҳат-саломатликка жиддий хавф туғдириши шубҳасиз. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, мўмай даромад кўпроқ қизиқтираётган кўринади.

Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга четдан олиб келинадиган дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари мажбурий тартибда сертификатланадиган товарлар турига киради. Шунингдек, бу турдаги товарлар давлат тилида ҳам маркаланиши лозим.

Яқинда Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари сифати кафолатланмаган дори-дармон воситаларини мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишди.

Жумладан, “Урганч аэропорт” чегара божхона постида 616-сонли “Москва-Урганч” рейси билан самолётда учиб келиб, “яшил” йўлакдан ҳаракатланган фуқаро Б.Назаровнинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган ҳамда ҳеч қандай сифатини белгиловчи ҳужжатлари  бўлмаган 80 та ампула ва 1500 дона капсулага жойлаштирилган дори воситалари борлиги аниқланди. Хорижда ишлаб чиқарилган 2 турдаги мазкур дори-дармонларнинг умумий қиймати 7 млн. 750 минг сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Хоразм вилояти божхона бошқармасининг 0(362)-224-59-20 – рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

 

божхона хизмати капитани Н.Давлетов,

Хоразм вилояти божхона бошқармаси катта инспектори.


Сайт материалларидан фойдаланганда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси веб сайти манба сифатида кўрсатилиши шарт

© 2017 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ИЧКИ ИШЛАР БОШҚАРМАСИ


Манзил

  • Ўзбекистон Республикаси, Хоразм вилояти
  • Урганч шаҳри, Й.Бабажанов кўчаси, 14-уй